Мирзиёев Чустдаги воқеадан хабар топди
Жамият
−
22 Сентябрь 2023
23226Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Чуст туманида болаларнинг заҳарланиши ҳолатидан хабар топди ва бундан қаттиқ ташвишда. Бу ҳақда Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Чуст туманида юз берган болалар соғлиғи билан боғлиқ нохуш ҳолатдан қаттиқ ташвишда, улар тез фурсатда соғайиб кетишини тилайди. Давлат раҳбари бу борадаги вазият тўғрисида ахборотни мунтазам олиб бормоқда. Вилоят ҳокими ва масъулларга масалани алоҳида назоратга олиш, сабабларини аниқлаш ва тегишли таклифлар киритиш бўйича топшириқлар берилган”, дейилади Асадовнинг баёнотида.
Маълумот учун, кеча, 21 сентябрь куни Чуст туманидаги мактабгача таълим ташкилотларининг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳароратининг кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган. 71 нафар боланинг соғлиғидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар туфайли болаларнинг 9 нафари соғломлаштирилиб, уйига қайтарилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилганди.
Наманганда содир бўлган воқеа ортидан Соғлиқни савлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг кўрсатмаси билан Мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмоли тўхтатилди.