ССВ “Антиструмин” етказиб бериш бўйича 21 млрд сўмлик шартнома тузгани айтилмоқда
Жамият
−
26 Сентябрь 2023
8422Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъсисчилигидаги “O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ “Антиструмин” йод препаратини етказиб бериш эвазига “Само” МЧЖ билан жами 21 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг расми тарқалди.
Ҳужжатга кўра, ССВ таъсисчилигидаги ташкилот калий йодид 1 мг (0,001 г) №100 (Антиструмин) дори воситасини харид қилиш учун 2022 йил июнь ойида “Само” МЧЖ билан 5 млрд 644 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн сўмлик қўшимча келишув қилинган.
“O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ 2023 йил 4 майда яна мазкур дори воситасини харид қилиш учун “Само” МЧЖ билан 15 млрд 275 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. Ушбу шартномаларга кўра, жами 21 млрд 875 млн сўм маблағ эвазига “Само” МЧЖ 3 млн 550 минг миқдорда “Антиструмин” етказиб бериши кўрсатилган.
Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, “Антиструмин” дори воситасини харид қилиш учун ҳеч қандай тендер ўтказилмаган, шартномалар тўғридан-тўғри тузилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 сентябрь куни дастлаб Наманган вилоятининг Чуст туманида, кейин эса республиканинг бошқа ҳудудларида боғча болалари ва мактаб ўқувчиларининг заҳарланишига сабаб бўлган йод халқаро қидирувдаги шахс раҳбарлигидаги МЧЖ томонидан тарқатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Уларда “Само” МЧЖ таъсисчиларидан бири Нодир Юнусов АҚШ божхона ва иммиграция назорати хизмати томонидан қидирувга берилгани, у одам савдоси ва фирибгарликда айблангани айтилганди. Шундан сўнг, ССВнинг Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “Само” МЧЖ корхонасининг фаолияти бўйича текширув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.