Пашинян ШҲТ+ саммитида русча гапирмагани учун “айбланмоқда”

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар раҳбарлари орасида Бишкекдаги ШҲТ+ саммитида рус тилида нутқ сўзламаган ягона давлат раҳбари бўлди.

Хусусан, тадбир давомида Қирғизистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари рус тилида нутқ сўзлади. Арманистон Бош вазири эса МДҲ давлатлари раҳбарларидан таржимон билан арман тилида сўзга чиққан ягона шахс эди.

Қолган давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ё ўз она тилларида, ёки инглиз тилида сўзга чиқди.

Илгари Пашинян анъанавий равишда бундай тадбирларда рус тилида нутқ сўзлаган ва баъзан хатоларга йўл қўйган. Бу галги нутқида у Россия Президенти Владимир Путин билан саммит доирасида Россия билан муносабатларни ривожлантириш стратегиясини муҳокама қилиш режалари ҳақида гапирди. Шунингдек, у Кавказорти минтақасида давлатлараро алоқаларни ривожлантириш, жумладан, “Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп йўналиши” лойиҳасини амалга ошириш ҳақида гапирди.

Қирғизистоннинг “Ой ўрдо” (“Фикр маркази”) эксперт ташаббуслари маркази раҳбари Игор Шестаковнинг фикрича, Пашинян рус тилида нутқ қилмай, Евроосиё интеграцияси ва келажакда МДҲдаги иштирокидан бир қадам ортга чекинган. 

“Никол Пашиняннинг ШҲТ+ форматидаги саммитда давлат тилида сўзга чиққани Арманистон раҳбарининг Евроосиё интеграцияси ва, эҳтимол, келажакда МДҲдаги иштирокидан яна бир қадам чекинганидан далолат беради. Эслатиб ўтаман, рус тили ШҲТ фаолиятининг барча форматида расмий тил ҳисобланади”, дейди Шестаков.

Экспертнинг айтишича, Пашинян рус тилини мукаммал билади, унинг арман тилида сўзлагани эса бу ерда сиёсий омил борлигидан дарак беради. 

“Сўнгги пайтларда Ереван Европа Иттифоқига интилмоқда. Ўйлайманки, Арманистон Бош вазири шу йўл билан Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун қўшимча очко ишлашга қарор қилган бўлиши мумкин”, дейди у.

ШҲТ саммити 31 август ва 1 сентябрь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтди. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг