Парижда Иккинчи жаҳон уруши давридан бери портламаган бомба топилди
Олам
−
08 Март
3026Франция пойтахти Париж шаҳридаги Шимолий вокзал яқинида Иккинчи жаҳон урушига оид портламаган бомба аниқланди. Бу ҳақда BFM TV хабар берди.
Маълум қилинишича, бомба топилиши ортидан поезд ҳаракати тўхтатилган. Телеканал маълумотларига кўра, портловчи қурилма вокзал яқинида олиб борилган ишлар чоғида топилган.
Темирйўл компаниясининг билдиришича, ҳаракатнинг тўхтатилиши Париж полиция префектурасининг талабига биноан амалга оширилган.
“Associated Press” нашрининг ёзишича, Шимолий вокзал Европанинг йирик транзит марказларидан бири бўлиб, у Франциянинг шимолий йўналишлари, жумладан, Брюссель ва Нидерландияга, шунингдек, Парижнинг асосий аэропорти ва минтақавий йўналишларга хизмат кўрсатади.
Қайд этилишича, бир нечта рейслар бекор қилинган. Улар орасида Париж-Лондон ва Париж- Брюссель йўналишидаги юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ҳам бор. Бироқ Лондон-Брюссель ва Лондон-Амстердам йўналишларидаги Eurostar рейслари одатдагидек давом этмоқда.
Франция Транспорт вазири Филипп Табаро поезд ҳаракатидаги узилишлар кун мобайнида давом этишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, агар полиция рухсат берса, маҳаллий вақт билан соат 16:00 да ҳаракат қисман қайта тикланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британиянинг Нортамберленд штатида жойлашган Вулер шаҳарчасидаги болалар майдончасидан Иккинчи жаҳон уруши даврига оид 176 та бомба топилганди.