Британиядаги болалар майдончасидан 180 га яқин бомба топилди
Олам
−
12 Февраль
4547Буюк Британиянинг Нортамберленд штатида жойлашган Вулер шаҳарчасидаги болалар майдончасидан Иккинчи жаҳон уруши даврига оид 176 та бомба топилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Нашрнинг маълум қилишича, заряди ҳали тарқамаган бомбаларнинг биринчиси жорий йилнинг январь ойида Нортамберленд штатидаги Вулер шаҳрида топилган. Тахминларга кўра, бу ҳудуд ҳарбийларнинг машғулот майдони сифатида фойдаланилган ва ўқ-дорилар уруш охирида кўмиб юборилган. Бомбаларни болалар ўйин майдончасини реконструкция қилаётган ишчилар аниқлаган. Воқеа жойига зудлик билан полиция чақирилиб, ҳудуд ўраб олинган ва қўшимча текширув ўтказиш, шунингдек, бомбаларни зарарсизлантириш учун мутахассислар етиб келган.
“Ўқ-дорилар хавфсиз утилизация қилиш учун олиб кетилди. Маҳаллий ҳокимият вакилларининг сўзларига кўра, ушбу болалар майдончаси жойлашган ҳудуд авваллари ўқув майдончаси сифатида фойдаланилган”, дейилади хабарда.
Нашрга кўра, ҳудудни тозалаш ишлари давом этмоқда ва мутахассислар тез орада қўшимча ўқ-дорилар, жумладан, гранаталар, патронлар ва бошқа хавфли нарсалар топилиши мумкинлигини рад этмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Кёльн шаҳрида расмийлар Иккинчи жаҳон урушидан қолган бир тонналик Америка бомбасини портлатиб, унинг иккита сигортасидан фақат биттасини зарарсизлантиришга муваффақ бўлганди. Шаҳар расмийларининг таъкидлашича, бу 1945 йилдан бери бомба йўқ қилиш бўйича энг қийин операция бўлиб, у топилган жойга яқин ҳудудда бир нечта клиникалар жойлашган.
Бунёд Келдибоев
LiveБарчаси