Жаҳон етакчилари овқатланган жой яқинидан бомба топилди
World
−
16:04 1130 2 minutes
Кеча, 13 ноябрь куни Ирландия армияси сапёрлари Дублин марказидаги офис биноларидан бирида қўлбола, аммо ишга яроқли портловчи қурилмани зарарсизлантирди. Ушбу бино Ирландия пойтахтида бўлиб ўтган икки кунлик саммит доирасида жаҳон етакчилари бир кун аввал кечки овқат қилган жой яқинида жойлашган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Ирландия полициясининг маълум қилишича, улар кеча, 13 ноябрь куни тушдан кейин Меррион-сквер майдонидаги бинода шубҳали қурилма аниқлангани ҳақидаги хабарга асосан воқеа жойига етиб борган. Жорий йилнинг 12 ноябрь куни майдоннинг нариги томонидаги мажмуада Европа Иттифоқига аъзо ва аъзо бўлмаган давлатларни бирлаштирувчи Европа сиёсий ҳамжамияти етакчилари кечки овқат учун тўпланган.
“Гарда (полиция) томонидан ўтказилган дастлабки баҳолаш натижаларига кўра, воқеа жойига мудофаа кучларининг портловчи моддаларни зарарсизлантириш (EOD) гуруҳи чақирилди. EOD гуруҳи қўлбола, бироқ ишга яроқли бўлган қурилмани хавфсиз ҳолатга келтирди”, дейилади полиция баёнотида.
Баёнотда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган. Полиция бомба қачон ўрнатилгани ҳақидаги тахминларни очиқламаган ва бошқа тафсилотларни келтирмаган.
Маълумот учун, Ирландия Миллий галереясида бўлиб ўтган кечки овқатда Франция Президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия Бош вазири Энди Бёрнэм ҳамда тадбир меҳмони сифатида Канада Бош вазири Марк Карни иштирок этган.
Кечки овқат ўтказилган жой атрофида хавфсизлик ҳалқаси ташкил этилиб, Меррион-сквер яқинидаги йўллар ёпиб қўйилган. Полиция икки кунлик ушбу йиғин улар тарихда ўтказган энг йирик хавфсизлик операцияси бўлганини маълум қилган.
Саммитда Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам қатнашган, бироқ у Дублин чеккасида АҚШ Президентининг махсус вакиллари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф билан учрашув ўтказгани сабабли кечки овқатга бормаган.
Кеча, 13 ноябрь куни Европа Иттифоқи етакчиларининг норасмий учрашуви билан давом этган саммит портловчи қурилма топилган жойдан 1,5 километр узоқликдаги бошқа бинода бўлиб ўтган.
Live
AllBAAdagi YTHda 14 kishi halok bo'ldi
13 November
Eronda raketa uchirish qurilmasiga zarba berildi
13 November