Италиядаги 300 та мактабга бомба таҳдиди юборилди
Олам
−
18:45 229 2 дақиқа
Италияда электрон почта орқали юборилган бомба таҳдиди сабаб камида 300 та мактаб ўқувчилари хавфсиз жойга эвакуация қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 11 ноябрь куни Италиянинг турли ҳудудларидаги мактабларга бир хил мазмундаги бомба таҳдиди юборилган. Шундан сўнг, таълим муассасаларида хавфсизлик чоралари кўрилиб, ўқувчилар бинолардан олиб чиқилган.
Маориф вазири Жузеппе Вальдитара “La7” телеканалига берган интервьюсида таҳдидлар сохта бўлиши мумкинлигини айтган. Шунингдек, у бундай хабар келиб тушган мактаблар сони яна ортиши мумкинлигини билдирган.
Римдаги мактаблардан бири ота-оналарга мессенжер орқали юборган хабарда барча ўқувчилар хавфсиз ҳудудга олиб чиқилгани ва педагоглар назоратида эканини маълум қилган.
Вальдитаранинг таъкидлашича, таҳдид юборилган мактаблар сонининг кўплиги хабарнинг ишончлилиги пастлигини кўрсатади.
“Reuters” агентлиги танишган электрон мактуб нусхасига кўра, хабар “Михаил Андропов, Вилаят Мизогинистан раҳбари” номи билан имзоланган. Худди шу шахс ўзини жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ирландия ва Болгариядаги таҳририятларга юборилган бомба таҳдидлари учун ҳам масъул деб эълон қилган.
Ҳозирда Италия полицияси ушбу ҳолат юзасидан текширув олиб бормоқда.
Маълумот учун, сўнгги кунларда Европада гибрид таҳдидлар билан боғлиқ хавотирлар кучайган. Бундан аввал Францияда супермаркетлар ва қон банкларига киберҳужумлар, шунингдек, Европа ҳаво қатнови ҳамда телеканаллар фаолиятига таъсир кўрсатган бомба таҳдидлари қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европанинг бир нечта мамлакатида еттита йўловчи самолётига бомба қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Таҳдидлар сабаб айрим самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилди, қолганлари эса қўнганидан кейин текширилган.
Live
Барчаси10:01