Польшада топилган ўзбекистонлик жангчининг медали Ўзбекистонга қайтарилади

Ўзбекистон

−

visibility1518 timer1 дақиқа

image

Польшада Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ўзбекистонлик ҳарбий хизматчи Урун Басар Куздаевга тегишли “Жасорати учун” медали топилди. Тарихий мукофот Ўзбекистонга қайтарилиб, мамлакатдаги музейлардан бирига топширилади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, медаль Польша ҳудудида олиб борилган эксгумация ишлари давомида аниқланган. У 1925 йилда туғилган Куздаев Урун Басарга тегишли экани маълум бўлган.

Бугун, 24 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси дипломатлари Польша Маданият ва миллий мерос вазирлиги давлат котиби Божена Желазовска билан учрашган. Унда Мазовия воеводалиги ёдгорликларни муҳофаза қилиш идораси, Польша Қизил Хоч ташкилоти ва бошқа муассасалар вакиллари ҳам қатнашган.

Учрашув давомида медални Ўзбекистон томонига тантанали топшириш маросими ўтказилган. Келишувга кўра, мукофот Ўзбекистон Маданият вазирлиги орқали мамлакатдаги тегишли музейлардан бирига юборилади.

Шунингдек, учрашувда икки мамлакатнинг маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш ва тегишли ташкилотлар ўртасида тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг