Панжикентлик ўқувчи қиз Имомали Раҳмон кортежини тўхтатди

Олам

image

Тожикистоннинг Панжикент шаҳрида яшовчи 10-синф ўқувчиси Хосият мамлакат Президенти Имомали Раҳмоннинг кортежини тўхтатиб, унга хат берди. Бу воқеа 12 сентябрь куни Раҳмон Сўғд вилоятига ишчи ташриф билан борганда содир бўлди.

“Asia-Plus” нашрининг хабар беришича, одатда вилоятларга ташрифлар давомида фуқароларнинг давлат раҳбари билан барча учрашувлари олдиндан келишилади ва жуда кам ҳолларда бирор киши Президентгача шунчаки “етиб бориши” мумкин. Имомали Раҳмон 12 сентябрь куни Панжикентга Саразм ёдгорлигининг 5500 йиллиги муносабати билан ташриф буюрган.

12 сентябрь куни эрталаб Панжикентлик қиз Хосият Олишова шаҳарнинг асосий кўчаси — Рудакий шоҳкўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган Ҳукумат кортежини кўрган. Машиналар беш юлдузли “Саразм Плаза” меҳмонхонаси олдида тўхтаган, қиз йўлга яқин келган ва баланд овозда “Президент қайси машинада?”, деб сўраган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, давлат раҳбарининг тан соқчилари қизни тўхтатмоқчи бўлган, бироқ Президент қизни ўтказиб юборишни айтган. Хосият ўз мактубини Президентга берган, кейин эса қиз Панжикент шаҳри маъмуриятига таклиф қилинган.

Тожикистон Президенти матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзоданинг маълум қилишича, ҳақиқатан ҳам шундай ҳодиса юз берган ва Имомали Раҳмон қиз етим эканлигини ва унинг муаммосини ҳал қилиш кераклигини айтган.

“Қизнинг мактуби Президентда турибди. Мактаб ўқувчиси Президент кортежи томонга борганда давлат раҳбари қизни чақирди ва унинг мактубини қабул қилди”, дея маълум қилган Шарифзода.

Хосият ўқийдиган Панжикент шаҳридаги 74-сонли мактаб директори Мақсуда Аҳророванинг айтишича, у қиз ва унинг онаси билан суҳбатлашган. Директорнинг сўзларига кўра, мактабдаги ўқишлари яхши бўлган Хосият ўз мактубида яшаш жойи бўйича ёрдам сўраган, чунки қиз онаси билан ижарада яшайди. Қизнинг отаси уч ой аввал вафот этган, оила боқувчисиз қолган.

Шахси номаълум қолишини истаган шаҳар маъмурияти вакилининг маълум қилишича, улар Хосият билан суҳбатлашган ва унинг муаммоларини эшитган. Унинг сўзларига кўра, бу оилага бюджет маблағларидан 10 минг сомони (тахминан 1000 доллар) ажратилган, шунингдек, ун, ёғ, шакар ва гуручдан иборат озиқ-овқат тўплами берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

1068

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг