Пандора ҳисоботи: Гулнора Каримова миллионларни қандай қўлга киритгани фош қилинди
Олам
−
05 Октябрь 2021
38114Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг сайловолди кампаниясига ҳисса қўшган атоқли донор Европа тарихидаги энг йирик можаролардан бирига аралашган. У Тelia компаниясининг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги фаолиятида оффшор битимларни тузиш ва амалга оширишда айбланмоқда. Бу келишувларни тузишда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг қўли бор. Бу ҳақда BBC тадқиқот гуруҳи хабар қилди.
Муҳаммад Амерси 2018 йилдан бери Британиянинг Консерваторлар партиясига 525 000 фунт стерлинг хайрия қилган.
Сизиб чиққан ҳужжатлар унинг қандай қилиб Швеция телекоммуникация ширкати учун бир қатор зиддиятли келишувларни амалга оширганини ҳам ошкор қилади. Ушбу ширкат кейинчалик АҚШ тарафидан 965 миллион долларлик жаримага тортилган. Шунга қарамай, Амерси айбловларни рад этади.
61 ёшли адвокат 2007-2013 йиллари Telia ширкати учун маслаҳатчилик қилган.
BBC Панорама гуруҳи Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми ҳамда “The Guardian” нашри билан бирга текширув олиб бориб, Муҳаммад Амерси 2010 йили офшор ширкатга 220 миллион доллар тўлов ўтказиш каби зиддиятли жараёнда иштирок этгани ҳақидаги ҳужжатларни қўлга киритди.
Қайд этилишича, бу ширкатни ўша пайтдаги Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримова назорат қилган. Ушбу тўловни эса АҚШ ҳукумати “220 миллион долларлик пора” деб атаганди.
Амерсининг адвокатларига кўра, офшор ширкат Telia тарафидан “текширилган ва маъқулланган” бўлган ва шу боис у ҳеч қандай хавотир уйғотмаган.
Британия: Донор пулни қаердан олган?
Жаноб Амерси бойлигининг манбалари қаерда деган саволлар айнан Манчестерда Британия Консерваторлар партиясининг йиллик анжумани ўтадиган паллага тўғри келган.
У 2019 йилги сайловлар учун 100 минг фунт стерлинг ва Бош вазирлик кампаниясига 10 минг фунт стерлинг ҳадя қилган.
Жаноб Амерсининг Россияда туғилган партнёри Надежда Родичева ҳам 2017-2018 йиллар давомида Британия Консерваторлар партиясига 250 минг доллардан кўпроқ пул туҳфа қилган.
Сиёсий қонунчилик бўйича таҳлилчи Гэвин Милларнинг фикрича, Консераторлар партияси бу пулларни қайтаргани тузук.
“Менимча, улар пулларни қайтариб бериши керак… агар донор борасида жиддий саволлар сўралаётган бўлса”, дейди у.
Лекин таҳлилчининг қўшимча қилишича, “улар пулларни қайтариш масъулияти остида эмас ва бирон қонун ёки йўриқнома уларни бунга мажбурлай олмайди”.
Ўтган йиллар давомида Британиядаги бошқа асосий сиёсий партиялар – Лейбористлар ва Либерал-демократлар ҳам (ҳадя қилинган) пулларни қайтариш чақириқларига юз тутишганди.
Айни дамда донорлар учун фақат Буюк Британия сайлов реестрида бўлиш етарли. Партиялар буни текширгач, истаганча маблағни қабул қилаверишлари мумкин.
Сўнгги ойларда Муҳаммад Амерси катта пул эвазига Британия Бош вазири ва Молия вазири билан мунтазам тарзда учрашиб келган донорлар қаторида тилга олинмоқда.
Янги ҳужжатлар: Pandora Papers
Жаноб Амерсининг номи эса сизиб чиққан 12 миллионга яқин ҳужжатда учрайди, айни ҳужжатлар эса Pandora Papers деб аталади.
Ҳужжатлар Британия Виргин ороллари, Панама ва Сингапурдаги офшор молиявий ширкатлар қандай ишлашлари тафсилотларини кўрсатади.
Сизиб чиққан ҳужжатларда Британия собиқ Бош вазири Тони Блэр ва унинг рафиқаси Чери айнан офшор келишувларни ишга солиб, 6,45 миллион фунт стерлингга кўчмас мулк сотиб олишгани ва шу асно 312 минг доллар мулк солиғи тўлашдан қутулиб қолишгани ҳақида ҳам ёзилган.
Ҳужжатларга биноан, Муҳаммад Амерси махфий офшор ширкатларни ишга солиб, Британияда иккита (Мэйфейр ва Глостерширда) кўчмас мулк сотиб олади.
Гулнора Каримова ва Амерси
BBC ва медиа ҳамкорлари олиб борган текширувларнинг кўрсатишича, Муҳаммад Амерси Гибралтарда жойлашган ширкатга 220 миллион доллар тўлаш бўйича музокараларда ҳам иштирок этган.
Бу ширкатга эса Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова офшор компания орқали махфий тарзда эгалик қилган.
Telia ўз ширкатларидан бирининг ҳиссаларини 2007 йили унга берган. Орадан уч йил ўтиб эса ушбу ҳиссаларнинг аксарини ўзи яна 220 миллион долларга сотиб олган.
Айни ҳаракат бўйича қўзғатилган жиноий ишда АҚШ ҳукумати бу усулни Ўзбекистонда телекоммуникация бизнесини юритиш учун "пора бериш" деб атаган. Telia ўша пайтда Ўзбекистондаги фаолияти учун янги рухсатнома олишга интилаётган бўлган.
Қоралов тарафига кўра, поп-юлдуз ва БМТда элчи бўлган Гулнора Каримова Ўзбекистонда “таъсирга” эга эди. Айни ҳаракат АҚШ Адлия вазирлиги тарафидан Telia ширкати ва унинг баъзи мулозимларига қарши қўзғатилган ишнинг бир қисми сифатида кўрилади.
Ушбу жараён 2017 йили тугаган ва маҳкамага етиб бормаган. Сабаби - Telia ширкати аксилкоррупция қонунларини бузганини тан олган ва 965 миллион доллар жарима тўлашга розилик берган.
Швецияда Telia ширкати мулозимлари Гулнора Каримова билан олди-берди ишлари бўйича айбланган, аммо бу мамлакатнинг порахўрликка оид қонунлари ушбу ҳолатда тадбиқ этилмаслиги учун улар оқланганлар.
Муҳаммад Амерси ким?
Британия фуқароси. Кенияда туғилган. Асли келиб чиқиши Эрон ва Ҳиндистондан. Британияда таълим олган. Шеффилд ва Кембридж университетларида таббиёт ҳамда ҳуқуқшуносликка ўқиган.
Ўз хайрия жамғармаси веб-саҳифасида "глобал коммуникацияда атоқли ишбилармон, филантроп ва ғоялар лидери" деб аталади. Ўз нутқларида коррупцияга қарши гапирган.
Яқинда Британия Консерваторлар партиясининг Яқин Шарқдаги алоқаларини кучайтиришга ёрдам берувчи гуруҳ ташкил этгани учун айрим консерваторлар қаршилигига дуч келган.
Амерсининг пора ишига алоқаси қандай?
BBC қўлга киритган далилларга мувофиқ, Муҳаммад Амерси Telia ширкатининг бошқа келишувларига ҳам аралашган.
Ширкат ички ҳисоботларидан сизиб чиққан ҳужжатлар Жаноб Фалончи Пистончи номли (Mr XY) маслаҳатчининг фаолиятини тасвирлайди ва олти йил давомида унга 65 миллион доллардан кўпроқ пул тўланганини таъкидлайди.
Ушбу тўловлар орасида ойида ўртача 100-200 минг долларлик “дабдабали корпоратив кўнгилхушликлар” ҳам бор, аммо улар учун кетган сарф-харажатлар квитанциялари йўқ.
Ҳисоботда урғуланишича, маслаҳатчига тўланган маблағларнинг баъзилари “қонуний имтиёзлардан номақбул фойдаланиш ҳамда транзакцияларни муваффақиятли амалга оширишга эришиш учун ишлатилган”.
Telia ширкатининг собиқ ижроия раҳбари Микаэла Альберг (у айнан ширкатни тозалаш учун тайинланганди) BBC билан суҳбатда ҳисоботдаги номи очиқланмаган маслаҳатчи айнан Муҳаммад Амерси эканлигини айтган.
“Унинг атрофидаги одамлар, унга ишонганлар ва унга қулоқ тутадиганлар унинг фаолияти ва бойлиги борасида тушунчага эга бўлишлари муҳим”, деган Альберг.
Қайд этилишича, Муҳаммад Амерси 2014 йили Telia йиллик учрашувида эслатилган “маслаҳатчи” бўлган ва Евроосиёдаги баъзи транзакциялар ортидан ширкат билан ўртасидаги келишувлари "тўхтатилган".
Ўшандан бери Telia ширкати Марказий Осиёдан чиқиб кетди ва у ердаги бизнесларини сотди.
Ҳозирда Скандинавия ҳамда Шимолий Европадаги фаолиятига урғу бермоқда ва корпоратив бошқарувда ўзгаришлар қилган. Эндиликда очиқлик ва шаффофликка эътибор қаратишини айтмоқда.
Жаноб Амерсининг адвокатлари эса унинг шартномаси тўхтатилганини “буткул сохта” деб аташмоқда.
Уларга кўра, у ширкат раҳбарлари билан бирга юқори мартабали сиёсатчиларни учратган, аммо "фақат муайян шахслар билан иш олиб борган ва у инсонлар асосий ташкилотлардаги сиёсатдонлар бўлишмаган".
Ҳимоячиларнинг айтишича, унинг гонорар ва чиқимлари айни соҳадаги амалларга тўлиқ мос бўлган ва ширкат мунтазам тарзда квитанцияларни кўрсатишни талаб қилмаган.
“Бизнинг мижозимиз норматив имтиёзларни қўлга киритиш ва телекоммуникация шартномаларига эришиш учун Telia ширкати учун канал вазифасини ўтагани ҳақидаги айбловлар мутлақо уйдирма”, дейишган унинг адвокатлари.
Pandora Papers – сизиб чиққан 12 миллионга яқин ҳужжат бўлиб, улар дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда яширин келишувларини ошкор этади.
АҚШда Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми қўлга киритган маълумотлар энг йирик глобал текширувларга етаклади.
Дунёнинг 117 мамлакатидаги 600 нафардан кўпроқ журналист ер юзидаги энг қудратли инсонларнинг яширин бойликлари билан таниша олишди.
LiveБарчаси