Пандора ҳисоботи: Президент ва машҳурларнинг махфий бойликлари фош қилинди

Олам 24912
image
-

Журналист-терговчиларнинг халқаро консорциуми (ICIJ) дунё раҳбарлари, уларнинг шериклари, амалдорлар ва ишбилармонларнинг офшор схемаларга жалб қилингани ҳақидаги Пандора ҳужжатларини чоп этди. Терговга 150 та оммавий ахборот ташкилотининг 600 дан ортиқ журналистлари жалб қилинган. 

Журналистлар икки йил давомида “Пандора архиви” — 11,9 миллион махфий ҳужжатларни ўрганиб чиққан. 

Таъкидланишича, Россиянинг “Биринчи канали” бош директори Константин Эрнст ҳам офшор компанияларга алоқадорликда айбланган. Эрнст 2014 йилги Олимпиадани ёритишни ташкил қилгани учун унга мукофот сифатида офшор компаниялар орқали эски совет кинотеатрларини сотиб олиш, уларни бузиб ташлаш ва уларнинг ўрнига хусусий савдо ва турар-жой мажмуаларини қуриш лойиҳасида улуш берилган. Эрнстнинг ўзи битимга алоқаси борлигини тасдиқлаган, лекин бу “2014 йилги Олимпия ўйинлари учун компенсация” деган маълумотни рад этган. У терговчиларнинг бошқа саволларига жавоб бермаган ва “ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаганини” қўшимча қилган. Маълумот ўрнида, Эрнст Россия Президенти Владимир Путиннинг энг яхши имижмейкери ҳисобланади. 

Қайд этилишича, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг оиласи 84 та офшор компаниялар орқали Лондонда 694 млн долларга кўчмас мулкка эга бўлган. Шу билан бирга, Президентнинг ўша пайтда мактаб ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган фарзандлари учун офшор компаниялар рўйхатга олингани айтилган. Таъкидланишича, 2015 йилги инқироздан кейин Алиевлар кўчмас мулкини сотаётган ва компанияларини ёпаётган пайтда ҳам, активларнинг бир қисми, хусусан, Лондондаги 191 миллион долларлик кўчмас мулк Президентнинг қайнотаси Ориф Пашаев номига рўйхатга олинган.

Терговга кўра, Украина Президенти Владимир Зеленский давлат раҳбари этиб сайлангунча бизнес шериги ва дўсти, кейинчалик Президент ёрдамчиси бўлган Сергей Шефирга ўтказган офшор компанияларнинг улушидан ҳали ҳам фойда кўраётган бўлиши мумкин. Пандора ҳужжатларида айтилишича, собиқ шериклар компаниялари шартнома тузган, унга кўра офшор Зеленскийнинг рафиқасига тегишли компанияга дивиденд тўлашни давом эттирмоқда. Терговчиларга кўра, Зеленский ва унинг рафиқаси Maltex Multicapital Corp. нинг тўртдан бирига эгалик қилган. 2019 йилги сайловолди кампанияси пайтида Зеленский бу акцияни Шефирга ўтказган. Бундан ташқари, “Пандора архиви”дан олинган ҳужжатлар “сайловлар давомида Зеленскийга қўйилган офшор фирибгарлик айбловларини қисман тасдиқлайди”. Тергов, шунингдек Зеленскийнинг шериклари офшор компаниялар ёрдамида 2014-2016 йилларда Лондонда учта квартира сотиб олганини даъво қилмоқда. Қайд этилишича, Шефир 3,8 миллион фунт стерлингга (5,1 миллион доллар) иккита квартира, “Квартал 95” компаниясининг асосчиси Андрей Яковлев эса 1,5 миллион фунт стерлингга (2 миллион долларга) яна квартира сотиб олган. 

Тергов маълумотларига кўра, Чехия Бош вазири Андрей Бабиш ўзининг офшорлари ўртасида ўтказилган 15 миллион еврони Франциядаги кўчмас мулкни сотиб олишга ишлатган. У пул ўтказган офшорни эълон қилмаган. 

Ҳужжатларга кўра, Иордания қироли Абдуллоҳ II бутун дунё бўйлаб — Калифорния, Вашингтон, Лондонда умумий қиймати 100 миллион долларга тенг бўлган кўплаб мулкларга эга.

Маълумотларда офшор компаниялар тармоғи орқали қирол Калифорния штатининг Малибу соҳилида 26 хонали виллага эга бўлгани тасдиқланган. У 2014 йилда 33,5 миллион доллар ҳисобига монарх мулкига айланган. 2012 йилда эса у Вашингтонда 13,8 миллион долларга учта кондоминиум сотиб олган. Таъкидланишича, Яқин Шарқнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бирининг қироли Буюк Британия пойтахтида еттита мулкка эга. Монархнинг адвокатига кўра, қирол давлат молиясини ёки ўз мамлакатига хорижий молиявий ёрдамни ҳеч қандай тарзда суиистеъмол қилмаган.

Таъкидланишича, Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Тони Блейр ва унинг рафиқаси Шери Блейр офшор компанияни сотиб олиш орқали 312 минг фунт солиқ тўловларини тежашга имкон берадиган қимматбаҳо кўчмас мулк эгалари. Блейр 1997-2007 йилларда мамлакат Бош вазири бўлган. Лондоннинг Мэрилебон туманидаги тўрт қаватли бино 2017 йилда эр-хотиннинг ихтиёрига ўтган, у ерда Шери Блейр ўзининг Omnia Consulting фирмасини жойлаштирган. Компания 6,5 миллион фунтга сотиб олинган. Ушбу бино Баҳрайн Саноат ва туризм вазири Зайид бин Рашид оиласига тегишли офшор компаниядан харид қилинган. Эр-хотинга кўра, улар ҳақиқатан ҳам қонунларни бузмаган, балки пулни тежашга имкон берадиган бўшлиқдан фойдаланган. 

Қайд этилишича, Лотин Америкаси давлатларининг камида 14 раҳбари — учта ҳозирги раҳбар — Чили Президенти Себастян Пиньера, Доминикан Республикаси Президенти Луис Абинадер, Эквадор Президенти Гильермо Лассо ва 11 та собиқ раҳбарлар оффшор схемаларидан фойдаланган. 

Шунингдек, аниқланган исмлар орасида колумбиялик қўшиқчи Шакира, испаниялик қўшиқчи Хулио Иглесиас ва “Реал” мураббийи Карло Анчелотти каби кўплаб машҳур шахслар бор. Президент Пиньера ва қўшиқчи Шакира бизнес юритиш учун Панамадаги OMC Group фирмасидан фойдаланган.

У орқали қўшиқчи камида учта офшор компания очган, уларни бир неча йиллардан буён Испания солиқ хизмати кузатиб келади. Расмийларга кўра, Шакира 14,5 миллион евро миқдоридаги солиқни тўламасликка муваффақ бўлган.

Маълумотларга кўра, Анчелотти билан боғлиқ компаниялар илгари Испания солиқ органлари томонидан ўтказилган тергов марказида бўлган. Таъкидланишича, Анчелотти Британия Виржиния оролларидаги Vapia Limited компаниясининг ягона бенефициаридир. 

Таъкидланишича, британиялик қўшиқчи ва бастакор Элтон Жон Британиянинг Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган ўндан ортиқ компанияларга эгалик қилади, улар орқали турли фаолиятдан тушадиган даромадлар ўтади. 

Ҳужжатларда айтилишича, “Барселона” бош мураббийи бўлган пайтларда Хосеп Гвардиоланинг 2012 йилгача Андорра офшорларида маблағи бўлган, лекин кейин у солиқ амнистиясидан фойдаланган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 434
Рейтинг: 3
t
×