Тадбиркорлар офшор орқали ҳалол рақобат қилса, бу нормал ҳолат – Исоқов
Интервью
−
24 Май 2022
7831Ўзбекистондаги пулдор бизнесменлар маблағини четга чиқариб, офшордаги ичи бўш компаниялар билан инвестор номидан Ўзбекистонга киритиш орқали имтиёзларга эга бўлиши ҳалол тарзда амалга ошса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бу ҳақда жорий йилнинг 20 май куни Молия вазирлигининг “Давлат-хусусий шериклиги бўйича халқаро давра суҳбати” доирасида ўтказилган матбуот анжуманида Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов маълум қилди.
QALAMPIR.UZ мухбири Одилбек Исоқовдан бугунги кунда инвесторлар учун давлат томонидан айнан қайси соҳаларда имтиёзлар берилиши кўзда тутилаётганини сўради.
“Биласизми яқинда бир қароримиз чиқди. Бу имтиёзлар асосан солиқ ва бошланғич тўловларда. Биз босқичма-босқич мана шу имтиёзларни бекор қилиб боряпмиз. Мақсадимиз ҳамма учун бир хил ва тенг шарт-шароитлар яратиш. Давлат хусусий шериклик соҳасига келадиган бўлсак, ҳеч қандай имтиёз йўқ. Бирон бир соҳага алоҳида волонтёрларимиз йўқ. Лекин ижтимоий объектлар бўлса, албатта, давлат бюджетидан тўловлар бўлади. Чунки таълим, соғлиқни сақлаш соҳаси давлатимиз ривожланиши учун энг муҳим соҳалардан бири. Лекин, давлат бюджетидан қандай имтиёзлар бўлади, қандай шарт-шароитлар бўлади, у ҳамма учун тенг эълон қилиниб, ким энг кам баҳони берса, шу танланади. Шу нуқтаи назардан, танлаш жараёнидаги шаффофлик жуда ҳам муҳим”, дейди вазир ўринбосари.
Шу ўринда мухбир Молия вазири ўринбосарига Ўзбекистондаги бизнесменлар пулини четга чиқариб, офшордаги ичи бўш компаниялар билан инвестор номидан қайта мамлакатга киритиши ва бу орқали имтиёзларга эга бўлиши мумкинлигини айтиб, бундай ҳолатларга қарши қандай чоралар кўрилаётганини сўради.
“Офшор билан чиқариш битта Ўзбекистонда эмас, Америкада ҳам, Европа ва бошқа мамлакатларда ҳам бор. Тендер жараёнимиз икки босқичдан иборат. Биринчи босқичда, албатта квалификация нуқтаи назардан ким тендер жараёнида қатнашмоқчи бўлса, шуларни танлаш жараёни бўлади. Танлаш жараёнида бу ташкилотнинг мана шу соҳада тажрибасининг бор-йўқлиги, шу соҳада қилган ишлари ва бир қанча бошқа масалалар кўрилади. Албатта, маблағ борлиги ва маблағ жалб қилиш қобилияти ҳам. Шунинг учун биз имкон қадар ҳар бир лойиҳамизни халқаро молия экспертлари билан биргаликда қиляпмиз”, дейди у.
Исоқовга кўра, Ўзбекистондаги пулдор бизнесменлар маблағини четга чиқариб, офшордаги ичи бўш компаниялар билан инвестор номидан Ўзбекистонга киритиш орқали имтиёзларга эга бўлиши ҳалол тарзда амалга ошса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
“Ундан кейин хусусий сектор билан ишлаганимизда ҳам репутацияси, нуфузи юқори бўлган молиявий маслаҳатчилар билан ишлашга ҳаракат қиламиз. Чунки, ҳамма нарса қонунимиз доирасида, тендер очиқ, рақобат кўринишда бўлиши кўзда тутилган. Масалан, компания ҳалол рақобат билан ютиб чиққан бўлса, бу нормал ҳолат. У ўзимизнинг Ўзбекистоннинг ташкилоти бўладими, хорижда жойлашган Ўзбекистонга тегишли ташкилот бўладими, агарда ҳалол рақобат қилиб ютадиган, танлаш жараёнида ҳаммаси қонун асосида ўтадиган, ҳалол бўлса, муаммо эмас”, дейди Одилбек Исоқов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь