Непал Молия вазири оломон томонидан калтакланди (видео)

Олам

image

Бугун, 9 сентябрь куни Непал Молия вазири Бишну Прасад Паудель намойишчилар томонидан калтакланди. Бу ҳақда NDTV нашри хабар берди.

Интернетда тарқалган видеода 65 ёшли Пауделнинг Катманду кўчаларида қочиб кетаётгани, унинг ортидан эса юзлаб одамлар қувиб келаётгани акс этган. Қарама-қарши йўналишдан келаётган ёш намойишчилардан бири сакраб вазирни тепган, у мувозанатини йўқотиб, қизил деворга урилиб, йиқилган.

“Непал Молия вазири Бишну Прасад Паудель намойишчилар томонидан калтакланди”, дейилади нашр хабарида.

“Khabarhub” нашрига кўра, норозилик намойишлари чоғида собиқ бош вазир ва Конгресс партияси раҳбари Шер Баҳодур Деуба ҳамда унинг рафиқасига ҳам ҳужум қилинган. Намойишчилар Президент қароргоҳи ҳудудига ҳам кириб боргани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакат пойтахти Катмандуда икки кундан бери ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар фаолиятига қўйилган чекловлар сабабли кенг кўламли норозилик намойишлари давом этмоқда. Непал ҳукумати 4 сентябрь куни машҳур ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар – WhatsApp, Facebook ва Instagram фаолиятини тўхтатиб қўйганди. Бунга сабаб сифатида платформаларнинг Непал Алоқа ва ахборот технологиялари вазирлигида мажбурий рўйхатдан ўтмагани кўрсатилди. Намойишчилар, шунингдек, давлат институтлари фаолиятида ошкораликни кучайтиришни талаб қилмоқда.

“The Himalayan Times” нашри хабарига кўра, тартибсизликлар чоғида жабрланганлар сони 500 кишига етган. Ҳокимият парламент атрофида ва шаҳар марказидаги муҳим нуқталарда комендантлик соати жорий қилишга мажбур бўлган. Кенг кўламли норозилик ва зўравонлик тўлқинига жавобан Непал ҳукумати таркибидаги тўрт нафар вазир истеъфо берган. Лавозимини тарк этганлар орасида Ички ишлар вазири, Қишлоқ хўжалиги вазири, Соғлиқни сақлаш вазири ва Сув таъминоти вазири бор. Бош вазир Шарма Оли бугун, 9 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 да партиялараро йиғилиш ўтказилишини эълон қилди. Бироқ Катманду марказидаги янги тўқнашувлардан бир неча соат ўтиб, мамлакат Президенти Рамчандра Паудел Шарма Олини истеъфога чиқарди.


Мақола муаллифи

Теглар

намойиш Молия вазири Непал

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг