Озарбайжон вазири Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди
Жамият
−
16 Июль 2021
1811Тошкент халқаро конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шахин Мустафоев билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимизнинг анъанавий яқин ва дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шахин Мустафоев давлат раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбат чоғида икки томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистики лойиҳаларини илгари суриш ҳамда маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак олий даражадаги саммитга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларини ўтказиш, биринчи Ҳудудлараро форумни ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Бунгача Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел, РФ Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари — Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин, Қирғизистон Иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаров, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ал-Сауд, Қувайт Давлатининг Ташқи ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳни қабул қилди.