Бу ўнинчиси: Мирзиёев яна бир давлат вазирини қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев юқори даражадаги халқаро конференция ишида қатнашаётган Қувайт Давлатининг ташқи ишлар вазири, Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича давлат вазири шайх Аҳмад Носир ал-Муҳаммад ас-Сабоҳни қабул қилди.

Давлат раҳбари икки мамлакат ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлади. Қувайт ташқи сиёсий идораси раҳбарининг ушбу ташрифи мулоқот ва алмашинувларнинг фаоллашишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Қувайт ташқи ишлар вазири Ўзбекистон етакчисига Қувайт Амири Наваф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.

Учрашувда амалий ҳамкорликни, энг аввало савдо, инвестиция ва инновациялар, молия, озиқ-овқат хавфсизлиги, ахборот технологиялари, таълим ва бошқа соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида қўшма тадбирлар дастурини тайёрлашга келишиб олинди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан конструктив руҳда фикр алмашилди.

Бунгача Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел, РФ Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари — Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин, Қирғизистон Иқтисодиёт ва молия вазири Ақилбек Жапаров, Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ал-Саудни қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг