Озарбайжон парламенти Европарламент резолюциясини қоралади
Олам
−
06 Октябрь 2023
4804Озарбайжон парламенти Европарламентнинг 5 октябрь куни қабул қилинган ЕИ ва Баку ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва Тоғли Қорабоғдаги вазият юзасидан санкциялар жорий этиш зарурлиги ҳақидаги резолюциясини объективликдан йироқ деб ҳисоблади.
“Озарбайжон парламенти 5 октябрда Европарламент томонидан нохолис ва тарафкаш резолюция қабул қилинганига кескин норозилик билдиради ва мамлакатимизга қарши қаратилган бу қадамни қоралайди. Озарбайжоннинг Европарламент олдида ҳеч қандай мажбурияти йўқлигини эслатиб ўтамиз ва Европани қамраб олган исломофобия, антисемитизм, муҳожирлар ҳуқуқларининг оммавий ва қўпол бузилиши ва шу каби чуқур илдиз отган муаммолар билан шуғуллангани маъқулроқ бўлар эди”, дейилади баёнотда.
Ҳужжатда қайд этилишича, Европарламент резолюцияси Франция ҳукумати ташаббуси билан ушбу мамлакат депутатларидан олинган ёлғон маълумотлар асосида тайёрланган. Парламент аъзолари, шунингдек, бундай резолюциянинг қабул қилиниши сепаратчиликни очиқ қўллаб-қувватлаш эканлигини қайд этган.
“Европа парламентининг тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ўз-ўзини тарқатиб юборганидан кейин уни ҳимоя қилиши сиёсий иккиюзламачиликни кўрсатиб, минтақадаги вазиятни кескинлаштиришга хизмат қилади”, дейилади баёнотда.
Озарбайжон парламентарийларига кўра, Европарламент ўзининг нотўғри сиёсати билан Европа Иттифоқининг Жанубий Кавказ сиёсатини хавф остига қўяди.
Баёнотда таъкидланишича, Озарбайжон ҳукумати Қорабоғ минтақасида яшовчи арманларнинг Озарбайжон жамиятига барқарор қайта интеграциялашувини таъминлаш мақсадида ушбу ҳудуддаги ижтимоий, гуманитар, иқтисодий ва инфратузилмавий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
“Европа парламентининг Қорабоғдан ўз ихтиёри билан чиқиб кетган арманистонликларни мажбуран чиқариб юбориш ҳақидаги баёнотлари БМТ, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссияси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг баёнотларига мутлақо зид ва халқаро ҳамжамиятни чалғитишга қаратилган”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Европарламентнинг 5 октябрь куни Страсбургда ўтган ялпи мажлисида Европа Иттифоқи ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқиш ва Тоғли Қорабоғдаги вазият юзасидан санкциялар қўллаш зарурлиги ҳақидаги резолюция қабул қилинди.