Озарбайжон чегарасини бузишга уринган арман аскарлари қўлга олинди
Олам
−
27 Май 2021
5765Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон қуролли кучларининг разведка-қўпорувчилик гуруҳини Озарбайжон ҳудудига кўчиришга уриниш ҳақида эълон қилди.
Хабарга кўра, олти нафар арманистонлик ҳарбий қўлга олинган.
“27 май куни соат 03:00 (Тошкент вақти билан 04:00) да Арманистон Қуролли Кучларининг разведка-қўпорувчилик гуруҳи Озарбайжон ҳудудига ўтишга ҳаракат қилди. Душман Озарбайжон армиясининг чегарада жойлашган позицияларига олиб борувчи таъминот йўлида миналаш ишларини олиб борди. Зудлик билан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида қарама-қарши томоннинг олти нафар ҳарбий хизматчиси асирга олинди”, дейилган хабарда.
Аввалроқ, Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон ҳарбийлари Арманистон армиясининг Гегаркуник вилояти чегараолди қисмида жойлашган позицияларига қарата ўқ узгани ҳақида хабар тарқатганди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ушбу маълумот нотўғри эканини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян озар-арман чегарасида кескинликнинг кучайиши тенденцияси кузатилаётганини, чегаранинг айрим участкаларида Озарбайжон Қуролли кучлари ўзини тажовузкор тутаётганини иддао қилиб чиққанди.
Пашинян Озарбайжон аскарлари мамлакатни тарк этиши учун Россия Президенти Владимир Путиндан ҳарбий ёрдам сўраганди. Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон ўзининг Facebook’даги саҳифасида Озарбайжон қўшинларини Арманистон ҳудудидан олиб чиқиш зарурлигини таъкидлаганди.
Ўз навбатида расмий Баку Ташқи ишлар вазирлиги Ереваннинг Озарбайжон-Арманистон чегарасини мувофиқлаштириш жараёнларига муносабатини номуносиб деб баҳолади ва Арманистон расмийларини сайлов арафасида вазиятдан ички сиёсий мақсадларида фойдаланмасликка чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь