Озар-арман чегарасида отишма бўлдими? Баку Ереваннинг иддаосига жавоб қайтарди
Олам
−
26 Май 2021
6120Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон ҳарбийлари Арманистон армиясининг Гегаркуник вилояти чегараолди қисмида жойлашган позицияларига қарата ўқ узгани ҳақида хабар тарқатмоқда.
Вазирликнинг маълум қилишича, ҳодиса кеча, 25 май куни соат 14:20 атрофида қайд қилинган. Баёнотда қўшимча қилинишича, отишма натижасида арман ҳарбийси ҳалок бўлган.
Ўз навбатида Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ушбу ҳолат бўйича баёнот берган. Унга кўра, Арманистон Мудофаа вазирлиги арман позицияларининг ўққа тутилиши ҳақида нотўғри маълумот тарқатган.
“25 май куни тушдан кейин Арманистон Қуролли кучлари шахсий таркиби билан еттита юк машинаси чегаранинг белгиланган қисмига яқинлашишга уринди. Бўлинмаларимиз томонидан олиб борилган профилактика чоралари натижасида душман ҳаракати бостирилди. Биз бўлинмаларимиз душманга қарши ўқ узмаганини эълон қиламиз”, дейилган Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабарида.
Вазирликнинг таъкидлашича, арман аскарининг ўлими билан боғлиқ воқеа бахтсиз ҳодиса натижасида содир бўлган.
“Озарбайжон томонининг бу воқеага алоқаси йўқ”, дейилган хабарда.
Аввалроқ, Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян озар-арман чегарасида кескинликнинг кучайиши тенденцияси кузатилаётганини, чегаранинг айрим участкаларида Озарбайжон Қуролли кучлари ўзини тажовузкор тутаётганини иддао қилиб чиққанди.
Эслатиб ўтамиз, Пашинян Озарбайжон аскарлари мамлакатни тарк этиши учун Россия Президенти Владимир Путиндан ҳарбий ёрдам сўраганди. Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон ўзининг Facebook’даги саҳифасида Озарбайжон қўшинларини Арманистон ҳудудидан олиб чиқиш зарурлигини таъкидлаганди.
Ўз навбатида расмий Баку Ташқи ишлар вазирлиги Ереваннинг Озарбайжон-Арманистон чегарасини мувофиқлаштириш жараёнларига муносабатини номуносиб деб баҳолади ва Арманистон расмийларини сайлов арафасида вазиятдан ички сиёсий мақсадларида фойдаланмасликка чақирди.
LiveБарчаси