От изини той босадиёв... Бердимуҳамедовнинг ўғли президентликка номзодини қўйди

Жамият

image

Туркманистоннинг амалдаги Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли 40 яшар Сардор Бердимуҳамедов 12 март куни бўлиб ўтадиган президент сайловида номзод сифатида кўрсатилди. Бу ҳақда Туркманистоннинг маҳаллий нашрлари хабар бермоқда.  

“Бугун Туркманистон жамоат ташкилотлари марказида Туркманистон демократик партиясининг навбатдан ташқари IX қурултойи бўлиб ўтди. Унинг кун тартибига кўра, Туркманистон Президенти лавозимига Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Сардор Гурбангулиевич Бердимуҳамедов номзоди илгари сурилди”, дейилади хабарларда. 

Қайд этилишича, Сардор Бердимуҳамедовнинг номзоди Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилувчи “Туркманистон демократик партияси”дан илгари сурилган. 

Йиғилиш иштирокчилари Сардор Бердимуҳамедовнинг нутқини тинглаб, унинг мамлакат президентлигига номзодини қўллаб-қувватлаганлар. 

Бугун, 14 февраль куни Туркманистонда президентлик сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланди, унинг биринчи босқичи номзодларни кўрсатиш бўлади. Номзодлар сиёсий партиялар ёки фуқаролар гуруҳлари томонидан кўрсатилиши мумкин. Мамлакатда учта партия бор: Демократик партия, Аграр партия ва Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ президентликка номзодлар 40 ёшга тўлган, шу мамлакатда туғилган ва унда сўнгги 15 йил давомида доимий яшаётган ва ишлаган фуқароси бўлиши керак. У етти йилга сайланади.

Сардор Бердимуҳамедов 2021 йил февралидан бери Туркманистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Шунингдек, у Ахалтеке йилқичилик халқаро уюшмаси ва “Туркман Алабай” халқаро уюшмасига раҳбарлик қилади.

Маълумот учун, Туркманистонни 2007 йилдан бери асли касби шифокор бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов бошқариб келмоқда. У бир вақтнинг ўзида Вазирлар Маҳкамаси раиси, Парламент юқори палатаси раиси ва Олий бош қўмондон ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 февраль куни Ашхободда Туркманистон парламентининг юқори палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида қатнашган Президент Гурбангули Бердимуҳамедов эндиликда Халқ маслаҳати раиси сифатида сиёсий тажрибасини мамлакат тараққиётига сарфлаш, ўз ўрнини ёш кадрларга топшириш ниятида эканини айтганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сардор Бердимуҳамедов

Баҳолаганлар

231

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг