Бердимуҳамедовнинг ўғли Президент бўлса, нималар қилишини айтди

Олам

image

Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли, 12 март куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари сайловларда ҳукмрон партия томонидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган Сардор отасининг ташаббусларини амалга оширишни мақсад қилган. Бу ҳақда кеча, 14 февраль куни куни Туркманистон ТДҲ давлат агентлиги хабар берди.

Ҳукмрон Демократик партиянинг кеча бўлиб ўтган навбатдан ташқари қурултойида Бердимуҳаммедов номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Агентлик хабарига кўра, Бош вазирнинг амалдаги ўринбосари Бердимуҳамедов йиғилганларга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, агар у президентликка сайланса, “у аждодларнинг маънавий тамойиллари ва меросига амал қилишда давом этишига, бу йўлда бор куч-ғайратини аямасликка, Ватан ва халқ фаровонлиги, миллат раҳбарининг тарихий ваъдаларини ҳаётга татбиқ этишга қунт ва ижодий ёндашишига” ишонтирган.

Давлат агентлигининг таъкидлашича, номзодларни кўрсатиш бўйича кампания давом этмоқда ва “бошқа ариза берувчиларнинг исмлари тез орада маълум бўлади”.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 февраль куни Ашхободда Туркманистон парламентининг юқори палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида қатнашган Президент Гурбангули Бердимуҳамедов эндиликда Халқ маслаҳати раиси сифатида сиёсий тажрибасини мамлакат тараққиётига сарфлаш, ўз ўрнини ёш кадрларга топшириш ниятида эканини айтганди. 

Кеча, 14 февраль куни Туркманистонда президентлик сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланди, унинг биринчи босқичи номзодларни кўрсатиш бўлади. Номзодлар сиёсий партиялар ёки фуқаролар гуруҳлари томонидан кўрсатилиши мумкин. Мамлакатда учта партия бор: Демократик партия, Аграр партия ва Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ президентликка номзодлар 40 ёшга тўлган, шу мамлакатда туғилган ва унда сўнгги 15 йил давомида доимий яшаётган ва ишлаган фуқароси бўлиши керак. У етти йилга сайланади.

Сардор Бердимуҳамедов 2021 йил февралидан бери Туркманистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Шунингдек, у Ахалтеке йилқичилик халқаро уюшмаси ва “Туркман Алабай” халқаро уюшмасига раҳбарлик қилади.

Маълумот учун, Туркманистонни 2007 йилдан бери асли касби шифокор бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов бошқариб келмоқда. У бир вақтнинг ўзида Вазирлар Маҳкамаси раиси, Парламент юқори палатаси раиси ва Олий бош қўмондон ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон Сардор Бердимуҳамедов

Баҳолаганлар

511

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг