Путиннинг самолёти Туркманистондан қайтишда муаммога учради
World
−
15:48 3866 2 minutes
Россия Президенти Владимир Путиннинг самолёти Туркманистондан қайтишда Украина дронларининг ҳужумлари сабабли Москвага қўна олмади ва Санкт-Петербургга боришга мажбур бўлди. Бу ҳақда “FlightRadar24” сервиси маълумотларига таяниб, “The New York Times” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 9 октябрь куни Россия пойтахтига қилинган дрон ва ҳаво шарларининг кенг кўламли ҳужуми пайтида юз берган. Ушбу ҳужум давомида Москванинг барча аэропортлари фаолияти бир неча соатга тўхтатилган. Бу вақтда шаҳарга бир нечта ҳукумат самолётлари учиб келган бўлиб, парвозлар ҳақидаги маълумотлардан кўринишича, уларнинг бортида Туркманистондаги МДҲ саммитидан қайтаётган Путин ва унинг ёрдамчилари бўлган.

“FlightRadar24” маълумотларига кўра, лайнерлар ё Москва осмонида айланиб юрган, ёки Петербургдаги захира аэродромига йўл олган. “Новая площадь” Telegram-канали маълумотларига кўра, “Россия” махсус учиш отрядининг тўртта борти (улардан учтаси Туркманистондан қайтаётган бўлган) “Москва яқинидаги кутиш зонасида” манёврлар қилишга мажбур бўлган ва бу “махсус ҳарбий операция бошланганидан бери илк бор” содир бўлган. “FlightRadar24” маълумотларига кўра, оқибатда Туркманбошидан дастлабки иккитасидан кечроқ учиб чиққан 96025 рақамли борт Санкт-Петербургга, захира аэродромига йўл олган ва муайян вақт ўтгачгина Москвага учиб кетган. Путиннинг ўзи жорий йилнинг 8 октябрь куни Туркманистонда айнан ушбу Президент лайнери трапидан тушган.
NYT’нинг ёзишича, Россия президенти ихтиёрида бир нечта Ил-96-300ПУ самолётлари мавжуд бўлиб, улар ядровий низо шароитида бевосита ҳаводан туриб қўмондонлик марказини бошқариш имконини беради. “Учар Кремль” деб аталувчи Президент лайнери Путиннинг хавфсизлигини таъминлаш учун сохта нишон вазифасини ўтовчи бир хилдаги самолётлар ҳамроҳлигида парвозларни амалга оширади.
Бироқ Путин Туркманистондаги саммитдан Петербургга учиб кетишга мажбур бўлган айнан ўша самолётда қайтгани ёки қайтмагани ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда. Россия расмийлари ушбу ҳолат юзасидан расмий изоҳ бергани йўқ.
Live
All