Шавкат Мирзиёев “Аваза”да қандай ташаббусларни илгари сурди?
Local
−
17:03 1119 3 minutes
Бугун, 8 октябрь куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев савдо, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларга оид янги ташаббусларни илгари сурди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Маслаҳат учрашувидаги нутқидан асосий фикрлар:
- Сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги муносабатларнинг муҳити ўзгарди, етакчилар тез-тез учрашиб, масалаларни очиқ муҳокама қилиб, ечимлар топиб, бир-бирини қўллаб-қувватлай бошлади;
- XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани тузиш жараёнларининг якунланиши тарихий воқеа бўлди;
- Минтақа халқаро майдонда анча ишончли ва сезиларлироқ тарзда намоён бўлмоқда;
- Марказий Осиё ва қўшни минтақалар ўртасидаги ҳамкорликнинг навбатдаги босқичини белгилаб олиш керак. Бугун уларни янада мустаҳкамлаш ва аниқ мазмун билан бойитиш имконияти пайдо бўлмоқда;
- Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш таклиф этилди;
- Иқтисодий ҳамкорлик янги даражага кўтарилиши керак. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмининг ўсиши бўйича жиддий мақсадлар қўйилган. Энди бу ўсиш ниманинг ҳисобига таъминланишини белгилаб олиш зарур;
- Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 2035 йилгача мўлжалланган кенг қамровли минтақавий дастур умумий географиямиздан фойдаланишда ёрдам берадиган амалий воситага айланиши керак;
- Давлатлар билан одатдаги савдо-сотиқ қилиш энди етарли эмас, биргаликда якуний маҳсулот яратиш лозим. “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи қандай маррага интилиш кераклигини яхши ифодалайди. Бу борадаги ишларни ривожлантириш учун 2027 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш таклиф этилди;
- Қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича махсус платформа яратиш муҳимлиги таъкидланди;
- Минтақа глобал савдонинг қуруқликдаги энг муҳим йўналишларидан бирига ва айни пайтда иқтисодий фаолликнинг йирик марказига айланиши мумкинлиги қайд этилди;
- Бундай мувофиқлаштирув учун Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгаш тузишни тезлаштириш ва унинг биринчи мажлисини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди;
- Янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, энергияни сақлашнинг замонавий тизимларини ривожлантириш ва янги энергетика йўлакларини яратишни яхшироқ мувофиқлаштириш имконини берувчи кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепцияни тайёрлаш таклифи билдирилди;
- Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Амалий чора-тадбирлар ўн йиллиги тўғрисидаги умумий ташаббусни тўлиқ амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди;
- Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасида раислик давридан Жамғарма ишини янада самарали ташкил этиш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиявий маблағларни жалб қилиш учун фойдаланиш ниятида;
- Сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича Афғонистон билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу мулоқот доимий ва аниқ мазмунга эга бўлиши, минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олиши шарт;
- Ўзбекистоннинг Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни ташкил этиш борасидаги ташаббусига мувофиқ ишларни фаоллаштириш таклиф қилинди. Марказий Осиёнинг муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш бу борада биринчи қадамлардан бири бўлиши мумкинлиги таъкидланди;
- Мамлакатларнинг имкониятларини бирлаштириш ва Умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратишни бошлаш таклиф қилинди;
- Талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Унда бугунги кунда мутахассислар танқислиги сезилаётган ва яқин йилларда талаб ўсиб борадиган йўналишлар бўйича мамлакатларнинг прогноз маълумотларини бирлаштириш мумкин;
- “Сўнгги йилларда биз кўп нарсага эришдик. Энди бу ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигимизни келгуси ўн йилликлар давомида барқарор қилиш муҳимдир. Формула оддий: тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч”;
- “Келгуси авлодларга қандай минтақа қолдиришимиз учун жавобгармиз. У тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли бўлиши ва одамларга муносиб яшаш, меҳнат қилиш, ўқиш ҳамда фарзандларни вояга етказиш имкониятларини бериши керак”.
Live
All