Осиё ўйинлари. Ўзбекистон ярим финалга чиқди
Спорт
−
11:55 1301 1 дақиқа
Бугун, 25 сентябрь куни Аичи-Нагоя-2026 Осиё ўйинларининг чорак финалида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Саудия Арабистонини 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувнинг 12-дақиқасида Сардор Баҳромовнинг жарима зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қайтарди. Қайтиб келган тўпни Дилшод Муртозаев дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди.
78-дақиқада Азизбек Тўлқинбеков Ўзбекистоннинг иккинчи голини киритиб, ҳисобни 2:0 га етказди. 86-дақиқада эса Фирдавс Абдураҳмонов учинчи голни уриб, жамоасининг йирик ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа, Ўзбекистон 3:0 ҳисобидаги ғалаба орқали Осиё ўйинларининг ярим финалига йўлланма олди. Равшан Ҳайдаров шогирдлари ярим финалда Япония – Шимолий Корея учрашуви ғолибига қарши майдонга тушади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон “C” гуруҳида Филиппин, Қувайт ва Вьетнамни мағлуб этиб, 100 фоизлик натижа билан плей-офф босқичига чиқиш масаласини ҳал қилганди. Гуруҳ босқичида “оқ бўрилар” 9 та гол урди ва бир марта гол ўтказиб юборди.
Live
Барчаси