Ортиқова: “Келинглар, бугундан бошлаб коррупцияга қарши курашайлик”
Жамият
−
11 Июнь 2020
12831Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова мамлакатда ҳаёт тарзини яхшилаш учун аввал коррупцияга қарши курашиш, уни йўқ қилиш кераклигини таъкидламоқда. Бу ҳақда у бугун, 11 июнда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича ўтказиаётган брифингда айтиб ўтди.
“Агар мен коррупцияга аралашмасам, давлат бюджетидан маблағларни талон-торож қилмасам, эртага менинг оила аъзоларимнинг ҳаёти айланиб ўргилиб, сифатли бўлади. Чунки бюджет қанчалик бойиса халқ бой бўлади, халқ бойиса, унинг бир кичкина намояндаси бўлиб, Ортиқова ҳам бой бўлади.
Сиз билан биз мана шуни ҳар бир каллага 25-кадр сифатида сингдирсак, унда зўр бўлади. Ҳаётимиз сифати нима дегани? Таълим, тиббиёт, йўллар, қурилишлар ва бутун ҳаётимиз сифатли бўлади дегани. Келинглар, бугундан бошлаб, коррупцияга қарши курашайлик. Президент ғояларини мағзини чақайлик ва қайси лойиҳа умумхалқ муҳокамасига қўйилган бўлса, уни экспертлар билан маслаҳатлашиб, кейин ўз фикримизни билдирсак, ҳуқуқий давлатни қураётган эканимизни исботлаган бўламиз”, деди Ортиқова.
Маълумот учун, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” қонун лойиҳасига киритилган давлат хизматчиларининг даромадлар декларацияси топшириши тўғрисидаги банд барча даражадаги амалдорлар учун бирдек амал қилмаслиги мунозараларга сабаб бўлганди.
LiveБарчаси