Светлана Ортиқова прокуратурадан бошқа органларда қийноқлар борлигини тан олди
Интервью
−
01 Апрель 2022
13195Давлат тергов жараёнларида қийноқларнинг олдини ололмагани, ҳуқуқ-тартибот органларининг айрим ходимларини шахс қадр қимматини ерга уриш, камситиш ва унга нисбатан ҳар турдаги қийноқларни қўллашда тийиб туролмагани учун шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларига дуч келган фуқароларга компенсация тўлаш билан муаммони ҳал этмоқчими? QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова ушбу масала билан кеча, 31 март куни Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага юзланди.
Анжуманда QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова терговдаги қийноқлар ҳақида қанча гапирилишига қарамай, ҳамон куч ишлатар тизимлар томонидан қийноқларга йўл қўйилаётганини таъкидлади ва нима учун бунга барҳам берилмаётганини сўради.
“Афсуски, бу шармандагарчилик. Ўзбек ўзбекни урса-я? Прокуратура органларида кейинги уч йилни ичида қийноқлар ишлатилганини мен Бош прокурор ўринбосари сифатида кузатаётганим йўқ. Минг афсуски, бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг ходимлари қийноқни ишлатади”, дейди Ортиқова.
Шу ўринда журналист Нажмиддинова куни кеча Фуқаролик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, унга кўра, Ўзбекистонда тергов жараёнида шахс қадр-қиммати камситилса, унга етказилган зарар ва терговдаги қийноқларга компенсация тўланиши белгиланганини эслатди. “Бу давлатнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини тергов жараёнида фуқароларни қийноққа солишдан тия олмагани учун бошқа йўл топилмаганидан қўллаган чорасими?”, деган савол билан Ортиқовага юзланди журналист.
“Давлат бюджетидан компенсация тўланиши бу қийноқ билан қарши курашни тўхтатдик, шу билан “Жиловлай олмаяпмиз”, дегани ҳам эмас. Бу жабрланганларни янада руҳан, маънан ва моддий қўллаб-қувватлашдир. Лекин, қийноққа қарши шахсан мен ҳам курашаман. Тинмай ишлайман. Лекин, беш қўл баробар эмас. Афсуски, адашиб кириб қолганлар, адашиб, "пагон" таққанлар ҳам йўқ эмас. Келинг, сиз билан биз уларни тарбиялайлик”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни Фуқаролик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонунни имзолади. Унга кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь