Россияда қийноқлар янгилик эмас, стратегия – БМТ эксперти

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Россиядаги инсон ҳуқуқларининг аҳволи бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова Бош Ассамблеядаги биринчи маърузасида Москванинг Украинада қўллаётган қийноқларини репрессия воситаси сифатида баҳолади. Бу ҳақда маърузачининг кеча, 29 октябрь куни эълон қилинган ҳисоботида келтирилган.

Кацарованинг айтишича, қийнаш Россияда янгилик эмас, лекин ҳозир “у мувофиқлаштирилган стратегияга айланди”.

“Қийноқлар урушнинг барча танқидчилари ёки Россия ҳукумати сиёсатига рози бўлмаган диссидентларнинг овозини ўчириш учун мўлжалланган. 2022 йил февраль ойида Украинага кенг миқёсли босқиндан бери қийноқлар жамиятни назорат қилиш ва ўзгача фикрни бостириш, шунингдек, Россиядаги асосий инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик фаолияти майдонига ҳужум қилиш учун давлат томонидан тасдиқланган тизимли зулм воситасига айланди”, дейди эксперт.

Кацарованинг сўзларига кўра, ҳозирда Россияда камида 1300 нафар сиёсий маҳбус бор, улардан 30 нафари журналист. Бироқ бу рақам 1700 ёки ундан юқори бўлиши ҳам мумкин.

БМТ ҳисоботининг асосий хулосалари шуни кўрсатадики, Россия қонунчилигида қийноқлар учун алоҳида жиноят мавжуд эмас. Қийноқлар фақат унчалик катта бўлмаган жиноят сифатида жавобгарликка тортилади.

Ҳисобот қийноқларнинг сиёсий маҳбуслар, инсон ҳуқуқлари ва урушга қарши фаоллар, виждонан ҳарбий хизматдан воз кечганлар ва чақирилувчилар, адвокатлар, журналистлар, мигрантлар ва бошпана изловчилар, маҳаллий халқ ва озчиликлар, аёл ва қизларга таъсирини кўрсатади.

Мариана Кацарованинг сўзларига кўра, судлар қийноқлар ҳақидаги асосли хабарларни мунтазам эътибордан четда қолдириб, адолатдан кўра жиноятчилар томонига ўтади. Унинг таъкидлашича, ушбу назоратсиз жазосизлик оқибатида қийноқлар Россия жамиятида одатий ҳолга айланган, бу ерда зўравонлик мақбул деб қабул қилинади ва ҳатто рағбатлантирилади.

“Мен Россия ҳукуматини қийноқлар ва шафқатсиз ҳолатларнинг жазосиз қолишига барҳам бериш учун самарали жавобгарлик тизимини яратиш учун фундаментал ислоҳотларни амалга оширишга чақираман ва халқаро ҳамжамиятни ички жиноий юрисдикциядан, шу жумладан универсал юрисдикциядан фойдаланишга, қийноқларда айбланганларни жиноий жавобгарликка тортишга чақираман”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича БМТнинг аҳолишунослик фонди (UNFPA) директори Флоренс Бауэр Россия босқинидан бери Украина аҳолиси 10 миллион кишига камайгангани, фронтда ўн минглаб одамлар ҳалок бўлгани, яна 6,7 миллион киши мамлакатни қочқин сифатида тарк этганини маълум қилганди. У, шунингдек, жанговар ҳаракатлар туфайли Украинада деярли одамлар яшамай қўйган ҳудудлар пайдо бўлганини, у жойларда фақат қариялар ва оила қуришга қодир бўлмаган жуфтликлар қолганини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия БМТ қийноқлар Мариана Кацарова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг