Бизнинг ҳам юрагимиз қонга айланади – Ортиқова маданий мерослар ҳақида
Жамият
−
20 Ноябрь 2020
10954Сенатор Абдураҳим Иркаев бугун, 20 ноябрь куни ўтган Олий Мажлис Сенатининг 9-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқовага юзланиб, Бош прокуратура мамлакат бўйлаб маданий мерос объектларининг ҳудудлари ноқонуний ўзлаштирилиб, уй-жой қурилаётгани бўйича шуғулланмаётганини айтди.
“Биз энди ҳар бир археологик тепаликка бориб қоровулхона қуриб ололмаймиз-ку”, дейди Иркаев куюниб.
Унинг ушбу мурожаатига Ортиқова қуйидагича жавоб қайтарди:
“Асосий қонунимиз Конституцияга ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунга биноан республика ҳудудида қонуннинг ижросини бир хилда бажарилишини таъминлаш прокуратура органларининг зиммасига юкланади. Мен сизнинг битта жумлангиз билан келишмайман. Прокуратура умуман бу масалага қарамайди, деб айтдингиз. “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг ижроси устидан прокурорлик назорати ўрнатилган. Режавий дастурларга асосан тадбирлар ўтказиляпти ва натижада аниқланган қонун бузилиш ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга қаратилган прокурорлик таъсир чоралари кўриляпти. Мана, мисол учун бу йилнинг ўзидаги натижаларга кўра, 45 та ноқонуний норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга протестлар киритилган. 106 та тақдиқнома, яъни қонун бузилиш ҳолатларига олиб келган сабаб ва шароитларни бартараф этишга қаратилган ва 31 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.
Лекин ҳурматли сенаторимизнинг эътиборини Президентимизнинг сўзларига қаратмоқчиман. Сизу биз жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари билан эмас, балки кўпроқ олдини олиш билан овора бўлишимиз керак.
Қаранг, республика ҳудудида 8 мингга яқин маданий мерос объектлари бўлса, Маданият вазирлиги ҳузурида департамент фаолият кўрсатади. Яъни у назорат қилувчи орган сифатида назоратини амалга ошириши керак ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга тегишли ҳужжатларни тақдим қилиши керак. У ерда республика бўйича жами 60 нафар ходим ишлаётган бўлса, ҳар бирига юкламаси 133 та объектдан тўғри келади. Келинг, сиз билан биз бир ёқадан бош чиқариб, шу ходимларнинг юкламасига, моддий-техник жиҳатдан таъминланишига бир эътибор берсак.
Афсуски, бизнинг ҳам юрагимиз қонга айланади, маданий мерос объектлари йўқ бўлиб қоляпти. Кимдир уларга ер ажратяпти. Бу ҳолатлар 20-30 йил олдин бўлган. Жиноят иши қўзғатиш бўйича ҳар қандай муддатлар ўтиб кетган. Биз Миллий қонунчиликка ҳам эътибор беришимиз керак. Прокуратура органлари ҳамиша халқнинг хизматида ва прокурор назоратини амалга оширишга тайёр.
Қўмитамиз раиси [Бахтиёр Сайфуллаев – Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси] Қашқадарё ва Бухорода яхши ўрганишлар қилди. Бош прокуратурага тегишли қарорлар келган. Шу қарорларнинг ижроси бўйича Бош прокуратурага ҳам битта банд белгиланган. Биз тегишли ҳудудий прокурорларга қатъий топшириқларни бердик. Оқибати билан эмас, олдини олиш билан кўпроқ овора бўлишимиз керак”.
Эслатиб ўтамиз, Сенат ялпи мажлиси Шаҳрисабз шаҳри тарихий маркази UNESCO’нинг моддий маданий мерослар рўйхатидан чиқиб кетиш хавфи остида тургани айтилди. Агар келаси йилгача UNESCO умумжаҳон мероси қўмитаси томонидан берилган тавсиялар ҳаётга тадбиқ этилмаса, қўмитанинг 45-йиғилишида ушбу масала жиддий муҳокама қилиниши мумкин. Шунингдек, Бухорода сайёҳларни жалб қилиб келган Абдулазизхон жоме масжиди ва Кўкалдош мадрасаси ҳам эрозияга учраб, жуда ночор аҳволга келиб қолган.
LiveБарчаси