Уйғонинг! Шаҳрисабз тарихий маркази UNESCO рўйхатидан чиқиб кетиши мумкин
Жамият
−
20 Ноябрь 2020
12933Шаҳрисабз шаҳри тарихий маркази UNESCO’нинг моддий маданий мерослар рўйхатидан чиқиб кетиш хавфи остида. Агар келаси йилгача UNESCO умумжаҳон мероси қўмитаси томонидан берилган тавсиялар ҳаётга тадбиқ этилмаса, қўмитанинг 45-йиғилишида ушбу масала жиддий муҳокама қилиниши мумкин. Бу ҳақда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев бугун, 20 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг 9-ялпи мажлисида маълум қилди.
“Қашқадарёда 1468 та моддий маданий мерос объектлари мавжуд. Ҳаммамизга яхши маълумки, Шаҳрисабз тарихий маркази умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ва хабарингиз бор, у ерда UNESCO билан келишилмаган ҳолда қилинган ноқонуний ишлар сабаб ушбу шаҳар UNESCO’нинг рўйхатидан чиқиб кетиш хавфида турибди. Шаҳрисабз тарихий марказини умумжаҳон мероси рўйхатида сақлаб қолиш учун UNESCO умумжаҳон мероси қўмитаси берган тавсиялар ҳали тўлиқ бажарилгани йўқ. Агар бу ҳолатда кетадиган бўлсак, келаси йил умумжаҳон мероси қўмитасинингш 45-йиғилиши бўлади ва унда бу масалада жуда жиддий таҳлил қилинади. Улар бизга икки йил муддат берганди”, дейди сенатор.
Сайфуллаевга кўра, Бухорода сайёҳларни жалб қилиб келган Абдулазизхон жоме масжиди ва Кўкалдош мадрасаси ҳам эрозияга учраб, жуда ночор аҳволга келиб қолган.
Сенат қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаевдан кейин сўз олган сенатор Абдураҳим Иркаевга кўра, бугун Қашқадарёдаги археологик тепаликлардаги тупроқлардан ғишт заводларининг фойдаланиши оқибатида етказилган зарар 22 миллиард сўм деб баҳоланган.
Унинг қайд этишича, маданий мерослар муҳофазаси, айниқса, археологик объектларда узоқ йиллардан буён мутлақо қониқарсиз аҳволда. Милоддан аввалги ва миллоддан кейинги, 1,5-2 минг йиллик тепаликлар муҳофазага олинган бўлса-да, ушбу ҳудудларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда, бунинг оқибатида тарихий ёдгорликларга завол етмоқда.
“1,5-2 минг йиллик тепаликларимизнинг муҳофаза зонаси ҳудудида қурилишлар бўляпти, баъзиларини ғишт заводлар ишлатиб юборяпти. Шаҳрисабз шаҳридаги Бойота археологик тепалиги тупроқ ишлари олиб борилгани натижасида анчагина зарар кўрган. Зарарни тахминан 1,5 миллирд сўм деб ҳисоблашяпти. Яккабоғ туманида жойлашган милоддан аввалги III асрга оид Сариқтепа археологик ёдгорликлари ва Чироқчи туманидаги 2 гектар майдонга эга Сариқтепа I археологик ёдгорликларида жуда катта тупроқ ишлари олиб борилган. Натижада келтирилган зарар 22 миллиард бўлган. Албатта, у ердан қанча тупроқ олинганини ҳеч ким тарозига ўлчаб, ҳисоблагани йўқ”, дейди сенатор Иркаев.
Унинг таъкидлашича, Шаҳрисабз шаҳрида моддий маданий мерос объектлари ҳудудларида жами 77 та ноқонуний уй-жой қуриб олинган. Яккабоғ туманида эса бундай қурилмалар 17 та. У ҳам сўзида давом этаркан, аҳвол шу зайлда давом этса, Шаҳрисабз тарихий маркази UNESCO’нинг рўйхатидан чиқиб кетиши мумкинлигини куюниб тилга олди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан тасдиқланган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 221-бандида Моддий маданий мерос объектлари ва UNESCO Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш белгилаб қўйилган.
Унда амалга ошириш механизми сифатида:
• Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши, “Бухоро”, “Самарқанд”, “Ичан қалъа”, “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей-қўриқхоналари, жумладан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва уларнинг қўриқланадиган тегралари чегарасини белгилаш;
• ходимларга хизмат қилган умумий иш стажи, илмий унвон ва даражага эга бўлгани учун устамалар белгилаш;
• давлат назорати функциясини таъминлаш мақсадида моддий-техник базасини яхшилаш, замонавий техника ва ускуналар билан таъминлаш;
• мутахассислиги бўйича ходимларни хорижда малакасини ошириш;
• реставратор усталар малакасини ошириш ва уларга малака сертификатини бериш тизимини йўлга қўйиш назарда тутилган эди.
LiveБарчаси