Шаҳрисабз аэропорти вақтинча ёпилади
Жамият
−
11 Март
2721Шаҳрисабз аэропорти учиш-қўниш йўлагида капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан ўз фаолиятини вақтинча тўхтатади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.
Аэропорт 2025 йил 13 март Тошкент вақти билан соат 05:00 дан 2025 йил 25 март 05:00 гача фаолият юритмайди.
Билдирилишича, учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддат – 1983 йилдан бери ишлатилиши муносабати билан ҳамда ҳаво кемаларининг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кенг капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Хусусан, 1554 м узунликдаги учиш-қўниш йўлаги юзасини алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, юриш йўлагининг устки қатлами ҳам таъмирланади. Танлов натижаларига кўра, қурилиш-таъмирлаш ишларини “Фарғона йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси” олиб боради.
“Қайд этиш жоизки, шу пайтгача Шаҳрисабз аэропортида самолётларни қабул қилиш имконияти чекланган эди – парвозлар ҳафтасига икки марта кичик L-410 самолётларида амалга ошириларди. Учиш-қўниш йўлаги таъмирлангандан сўнг аэропорт ўрта масофага мўлжалланган замонавий ATR-72 самолётларини ҳафтасига уч мартагача қабул қилиш имкониятига эга бўлади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида катта авиабортларни қабул қилиш бўйича иккинчи босқич таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилгани сабабли Зомин аэропорти иш фаолияти вақтинча тўхтатилганди.
LiveБарчаси
Тренддагилар



