Мирзиёев UNESCO бош директори билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 март куни Францияга давлат ташрифи доирасида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) бош директори Одри Азулени қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, БМТ тизимидаги ушбу нуфузли тузилма билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.

“Кўп қиррали шериклик бугунги кунда юксак даражада экани мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистон ташаббуси билан ахборотдан фойдаланиш ва болалар таълими масалалари бўйича резолюциялар қабул қилинди.

Мамлакатимиз Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро марказга аъзо бўлди. Бухоро "Креатив шаҳарлар тармоғи"га қўшилди. Самарқанддаги Ипак йўли университетида UNESCO кафедраси очилди. Ўтган йили таълим, маданият, рақамли ва инновацион технологиялар соҳаларида 7 та янги лойиҳани амалга ошириш бошланди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Турон чўллари ва Зарафшон-Қорақум йўлаги, ипакчилик, кулолчилик, рубоб чалиш ва ифторлик анъаналари, "Бухоро амири девонхонаси архиви", "Туркистон альбоми", "Худойберган Девонов фотоальбоми" UNESCO'нинг махсус рўйхатларига киритилган.

“Таъкидлаш жоизки, Самарқанд шаҳрида бўлажак Бош конференциянинг 43-сессияси сўнгги 40 йил ичида биринчи марта UNESCO'нинг Париж шаҳридаги қароргоҳидан бошқа жойда ўтказилади. Бу воқеа ташкилотнинг 80 йиллигига тўғри келади. Бош директор Одри Азуле Ўзбекистон билан сермаҳсул ҳамкорликни юксак баҳолаб, бўлажак тадбирга кенг кўламли тайёргарлик кўрилаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди”, дейилади хабарда.

Амалий ҳамкорлик дастурларини янада кенгайтириш, шунингдек, UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси доирасидаги форум ва тадбирларни ташкил этиш бўйича яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 12 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Париж шаҳрига борганди. Самолёт олдида Ўзбекистон етакчисини Франция миллий таълим, олий таълим ва илмий тадқиқотлар вазири, собиқ бош вазир Элизабет Борн, Париж ҳарбий округи қўмондони генерал Лоик Мизон ва бошқа расмий шахслар кутиб олган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев UNESCO

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг