“Open Budget”га болаларни жалб этган мактаб директори ишдан олинди

Жамият

image

Аввалроқ хабар берганимиздек, Тошкент вилоятида бошланғич синф ўқувчилари “Open Budget”га овоз йиғиш мақсадида дарс пайтида пул олиб келиши учун уйига юборилган эди. Вилоят ҳокимлиги ҳолат ўрганилиб, мактаб директори ишдан олинганини маълум қилди.  

Аниқланишича, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Бойғули” маҳалласи ҳудудида жойлашган 17-сонли умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларини “Open Budget”га овоз йиғиш учун жалб қилиш бўйича мактаб директори топшириқ берган.

Вазият мазкур мактабнинг 45 нафар бошланғич синф ўқувчиси ўқийдиган филиалида содир бўлган. Ўқувчиларни кампанияга жалб қилган синф раҳбарларига интизомий жазо берилиб, мактаб директори Л.У. эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

“Мактаб филиали яқинда таъмирдан чиқарилган бўлиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Мактаб жамоаси ўз ташаббуси билан “Open Budget” кампаниясида қўшимча электрон доска, компютер жиҳозлари олиш учун иштирок этган. Сўралган маблағ миқдори – 300 миллион сўм”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокими, вилоят Таълим кенгаши раиси Зойир Мирзаев тегишли мутасаддиларга ушбу жиҳозларга эҳтиёж ҳақиқатда мавжудлигини ўрганиш, шундан сўнг, маҳаллий бюджет ҳисобидан мактабни сўралган жиҳозлар билан таъминлаш бўйича кўрсатма берган.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқлар орқали баъзи мактаб ўқитувчиларига “Open budget” лойиҳасида овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани юзасидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова изоҳ бериб, ушбу вазият вазирлик томонидан жиддий ўрганилаётганини маълум қилган эди.

Кейинроқ, 24 март куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 36-мактаб ўқитувчилари “Open budget”га овоз йиғишга мажбурлангани акс этган видео тарқалганди. Бош прокуратура мазкур ҳолат Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилаётганини маълум қилган эди.  

Бундан ташқари, 25 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати “Open budget”га овоз беришда Face ID ёрдамида идентификация қилиш механизмини жорий этиш амалиёти кўриб чиқилаётганини эълон қилганди. Кейинчалик вазир Шерзод Қудбиев видеомурожаат билан чиқиб, ушбу янгиликни рад этди.  


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб директори Open Budget мактаб болалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг