Сурхондарёда 2 млн сўм пора олган мактаб директори 4 йилга қамалди
3-саҳифа
−
10:42 2753 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида 36-мактаб директори ўз ўринбосаридан 2 миллион сўм пора олгани учун 4 йилга қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Иш материалларига кўра, 2026 йилнинг бошларида мактабда айрим лавозимлар қисқариши сабабли ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини қайта тақсимлаш масаласи юзага келган. Шу жараёнда айрим ходимларнинг ишда қолиши ёки қўшимча дарс соатлари берилиши масаласи муҳокама қилинган.
Тергов маълумотларига кўра, директор маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг ишини сақлаб қолиш ёки унга қўшимча дарс соатлари ажратиш эвазига пул талаб қилган. У мактабнинг иситиш тизимини яхшилаш учун шахсий маблағ сарфлаётгани ва моддий қийин аҳволга тушганини билдирган.
Воқеалар ривожи давомида ходим директорнинг талабига кўра 1 миллион сўм ва пластик картасини бергани қайд этилган. Ушбу ҳолатлар бўйича олинган аудио ва бошқа далиллар кейинчалик тергов органларига топширилган.
Шундан сўнг директор ўринбосари ўзига нисбатан босим ва иш билан таъминлаш масаласи ҳал этилмаётганини айтиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Мурожаат асосида текширув ўтказилиб, директорнинг пул олган ҳолати тасдиқланган. Тергов жараёнида у 2 миллион сўм олганини тан олган ва пулни қайтариш бўйича баённома расмийлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди директорни Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан айбдор деб топган. Унга 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Live
Барчаси