“Оммани ўзига қаратгани учун” 15 сутка – Кушербоев суднинг Ғаниев устидан чиқарган қарори устидан кулди
Жамият
−
03 Октябрь 2021
19709Аввалроқ, ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилгани учун ҳибсга олинган блогер Бобур Ғаниев 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Бобур Ғаниев ва унинг шерикларига нисбатан чиқарилган суд қарори юзасидан мулоҳазаларини билдириб, судьянинг “оммани ўзига қаратганлиги учун” деган айбловига эътбор қаратди.
“Фуқаро Бобур Ғаниев (блогер) ва бошқа шахсларни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди судъяси улар “оммани ўзига қаратганлиги учун” 15 сутка қамоқ жазоси тайинлаганини билдирди.
Бундай асос билан жазо белгилаш Ўзбекистон қонунчилигида янгилик, менимча”, дейди Кушербоев.
У сўзида давом этиб, блогерга қўйилган айблов бўйича асослар заиф эканига, шунга қарамай суд фуқаро фойдасига эмас, тизим фойдасига қарор чиқарганини урғулаб, шундай дейди:
“Кузатишимизча, асослар заиф ва зўрма-зўраки бўлса-да, суд яна тарози палласини бирдек ушлай олмади: тизимга ён босди. Аслида ўз ишига чинакам садоқатли судъялар фуқаронинг айбдорлик даражаси 50/50 бўлганда ҳам фуқаро оқланиши керак, дейишади.
Фуқаро ҳам “оппоқ” эмас, муомаласи қўполлиги кўриниб турибди. Бу асабга тегса ҳам қонунбузарлик эмас, биз бундай жазога лойиқ унинг бирорта ҳаракатини негадир кўрмадик”.
Кушербоев омманинг эътиборини ўзига жалб қилаётган бошқаларнинг аҳволи не кечади, сайлов арафасида партия ва номзодлар омма эътиборини қозонишга уринадику, дея савол қўйган.
“Шу ўринда бошқа нарса одамни ўйлантираяпти: оммани ўзига қаратгани учун, деб блогерку 15 суткага қамалди.
Бироқ ҳар куни оммани ўзига қаратаётган бошқаларнинг аҳволи энди не кечади? Масалан, сайловолди сиёсий партиялар ва номзодлар қанчалаб омма эътиборини ўзларига қаратишаяпти. Бу уларнинг иши аслида. “Да” буёғи чатоқ!”, дейди депутат.
У инсонлар тақдири ва ҳаётига таъсир кўрсатишдек масъулиятли ишга эътиборсиз ёндошиб, ноўрин асослар билан қарор қилиш мана шундай кулгили оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлаган.
“Шу боис, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзларининг муқаддас вазифаси, деб билган ҳурматли судъя ва бошқалар қонунларимизнинг адолатига ишонган оддий фуқароларга қарши асос келтиришда янада эътиборли, ҳалол ва пок бўладилар, деб умид қиламиз.
Унгача эса оммадан менга эътибор қаратмасликларини сўрайман. Тағин ким билсин...”, дея сўзини якулаган депутат Кушербоев.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда блогер Бобур Ғаниевнинг Ички ишлар органларида ерда ўтиргани акс этган видео ва суратлар тарқалган эди. Пойтахт ИИБ мазкур суратлар ортидан кўтарилган шов-шувлардан сўнг, блогер билан боғлиқ ҳолат юзасидан баёнот берди.
Унда қайд этилишича, 30 сентябрь куни тахминан соат 23:30 да Учтепа тумани “Фарҳод” бозори рўпарасида ўтказилаётган “Хавфсиз пойтахт” профилактик тадбири давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан Epica русумли давлат рақами 01 U 909 BB бўлган автомашина тўхтатилган.
Транспорт воситаси ҳайдовчиси 1993 йилда туғилган Аброр Козубаевнинг (интернет тармоғида “Аброр блогер” номи билан танилган) ҳужжатлари текширилган. Шу жараёнда Epica русумли автомашинада йўловчи сифатида ўтирган 1987 йилда туғилган Бобур Ғаниев (интернет тармоғида “Автоблогер Бобур Ғаниев” номи билан танилган) ЙПХ инспекторларини ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган. ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг транспорт воситасининг ҳайдовчиси Аброр Козубаев, йўловчилари Бобур Ғаниев ва О.Салимов Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган.
Ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Бобур Ғаниевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган.
Кейинроқ, Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова QALAMPIR.UZ журналистни Феруза Нажмиддинова билан суҳбатда ИИБга олиб келинган блогер Бобур Ғаниевнинг ерда ўтирган ҳолатда сўроқ қилинаётгани акс этган фото ва видеоматериалларни тарқатган ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди.
Бобур Ғаниевнинг жияни Азамат Абдужабборов QALAMPIR.UZ журналисти билан суҳбатда акасининг олдига яқинлари ва адвокати киритилмаётганини айтди. Блогернинг адвокати Садриддин Абубакиров эса мижози билан учрашиши кераклигини, бу қонунга зид эканини таъкидлади. Адвокат блогерга қарши очилган иш “заказной” эканини ҳам айтиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь