ОЧЛ. “Насаф”да дуранг, “Навбаҳор” эса ғалабага эришди
Спорт
−
06 Ноябрь 2023
8088Бугун, 6 ноябрь куни футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) гуруҳ босқичининг 4-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Тур доирасида Ўзбекистоннинг 2 та жамоаси – “Насаф” ҳамда “Навбаҳор” клублари майдонга тушди.
Қаршининг “Насаф” жамоаси ўз уйларида БААнинг “Шаржа” клубини қабул қилган бўлса, Наманганнинг “Навбаҳор” клуби меҳмонда Эрон жамоасига қарши баҳс олиб борди.
Теҳрон шаҳрида ўтказилган “Нассажи Мозандарон” - “Навбаҳор” учрашувида умумий 4 та гол урилди. Ўйин якунида эса голларнинг 3 тасига муаллифлик қилган Самвел Бабаян шогирдлари эронликлар устидан ғалаба қозонди.
“Нассажи Мозандарон” - “Навбаҳор” 1:3.
Голлар: Игор Голбан 7', Остон Ўрунов 21', 46', Муҳаммад Ризо Озди 68'.
Шунингдек, куннинг иккинчи муҳим учрашувида ўз майдонида “Шаржа”ни қабул қилган “Насаф” 1:1 кўринишидаги дуранг натижа билан қаноатланди.
Бирмунча асабий ўтган ўйиннинг 16-дақиқада Марега Эрон жамоасининг биринчи ҳужумини голга айлантириб, ҳисобни очди. Бу натижа биринчи бўлимда ўзгаришсиз қолди.
Қаршиликлар иккинчи бўлимнинг 81-дақиқасига келибгина ҳисобни тенглаштиришди. Абдураҳматовнинг заргарона узатмасини Лима Крус голга айлантирди. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ББА клуби дарвозабони ва Алибек Давронов майдондан четлатилди, бироқ 10 киши бўлиб қолган икки жамоа ҳам бу имкониятдан унумли фойдалана олмади.
“Насаф” - “Шаржа” 1:1
Голлар: Мусo Марега, 16 (0:1), Лима Круз, 81 (1:1).
Шу тариқа, “Шаржа” 8 очко билан 1-ўринда қолди, “Насаф” эса 7 очко билан ҳамон 2-ўринда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 6 ноябрь куни Олмалиқнинг ОКМК жамоаси Эроннинг бошқа бир клуби – “Сепахон”га қарши ўйинда майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан 23:00 да старт олади.