Очилбой Раматов Туркманистон Президенти билан учрашди
Олам
−
29 Апрель
6885Кеча, 28 апрель куни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Барқарор ривожланиш бўйича биринчи вазирлар форумида иштирок этиш учун мамлакатга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматовни қабул қилди. Бу ҳақда “Туркменистан сегодня” хабар берди.
Маълум қилинишича, Раматов Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари туркман халқининг миллий етакчиси ташаббуси билан барпо этилган янги Аркадағ шаҳрини кўриб ҳайратда қолганини таъкидлаган.
Қолаверса, Президент Сердар Бердимуҳамедов Туркман халқининг миллий етакчисига қадимий Самарқанд заминида кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирган.
Учрашув якунида Президент Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов бир-бирларига ва икки мамлакатнинг қардош халқларига эзгу тилаклар билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Гурбангули Бердимуҳамедов 23 апрель куни расмий ташриф билан Самарқандга келганди. Тантанали равишда икки мамлакат байроқлари билан безатилган Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Самарқанд шаҳридаги тадбирлар доирасида Мирзиёев ва Бердимуҳамедов биргаликда Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат кўрсатди. Шундан сўнг, етакчилар биргаликда “ Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ҳудудида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди. 24 апрель куни Самарқанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг музокаралари бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев мукофотни топширар экан, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қардош мамлакатлар ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан хизматларини алоҳида қайд этди.
LiveБарчаси