“Ноттингем” жамоаси мавсумда учинчи марта мураббийсини ишдан бўшатди
Спорт
−
12 Февраль 547 1 дақиқа
Англиянинг “Ноттингем Форест” жамоаси бош мураббий Шон Дайчни истеъфога чиқарди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
“Биз Шон ва унинг мураббийлар штабига клубдаги фаолияти давомида қилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирамиз ва уларга келажакда омад тилаймиз”, дейилади клуб баёнотида.
Кеча, 11 февраль куни Англия Премьер-лигасининг 26-тури доирасида “Ноттингем Форест” жамоаси “Вулверхэмптон” билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади. Жамоа айни пайтда турнир жадвалида 27 очко билан 17-ўринда бормоқда.
Маълумот учун, Дайч 2025 йилнинг октябрь ойида “Форест”га бош мураббийлигини қабул қилиб олган эди. 54 ёшли мутахассис Нуно Эспирито Санто ва Анге Постекўғлу кетганидан сўнг клуб томонидан жорий мавсумда ишдан бўшатилган учинчи мураббийга айланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Тоттенхэм” жамоаси бош мураббий Томас Франк ҳам ишдан бўшатилган эди.