“Тоттенхэм” бош мураббийи лавозимидан озод қилинди
Спорт
−
15:45 590 2 дақиқа
Англиянинг “Тоттенхэм” жамоаси бош мураббий Томас Франкни лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
“Клуб жамоа бош мураббийини ўзгартиришга қарор қилди ва бугундан бошлаб Томас Франк ўз лавозимини тарк этади. Томас 2025 йил июнь ойида тайинланган эди ва биз у билан келажак устида ишлаш учун зарур вақт ҳамда ёрдамни тақдим этишга содиқ бўлдик. Бироқ натижалар ва жамоа ўйини директорлар кенгашини мавсумнинг ушбу босқичида мураббийни алмаштириш зарур, деган хулосага келтирди. Клубдаги фаолияти давомида Томас ўзини тўлиқ жамоа ривожига бағишлаб, юксак фидойилик намоён этди. Биз унга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирамиз ва келгуси фаолиятида муваффақият тилаймиз”, дейилади клуб баёнотида.
Хабарларга кўра, клуб мутахассис ўрнини босадиган янги мураббийни топиш учун бир нечта захира вариантларини кўриб чиқмоқда. 52 ёшли даниялик мураббий жамоани 2025 йил июнь ойида қабул қилиб олган эди.
Ҳозирги вақтда “Тоттенхэм” АПЛда қийин даврни бошдан кечирмоқда. Жамоанинг ғалабасиз серияси саккизта ўйинга етган. “Шпорлар” 2025-2026 йилги Премьер-лига мавсумида 26 та ўйиндан сўнг 29 очко жамғариб, 16-ўринда бормоқда. Шу билан бирга, “Тоттенхэм” Чемпионлар лигаси умумий босқичида муваффақиятли иштирок этди: жамоа саккизта ўйиндан 17 очко тўплаб, 4-ўринни эгаллади ва тўғридан-тўғри 1/8 финалга йўл олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хаби Алонсо “Реал Мадрид”ни тарк этганидан сўнг Лондоннинг “Тоттенхэм” клубни бошқариш бўйича таклиф олганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси