Ниғматилла Йўлдошев прокуратурага қайтганига бир йил тўлди. Тизим коррупция ботқоғидан чиқдими?

Таҳлил 11155
image

2019 йилнинг 21 июни. Худди шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. 

Давлат раҳбари ушбу йиғилишда кўпчиликни ҳайрон қолдирган хабарни эълон қилди. Бу Ўзбекистон Республикаси собиқ Бош прокурори Отабек Муродов порахўрликда айбланиб ҳибслангани эди. Сўнгги йилларда эса бу собиқ Бош прокурорлар билан боғлиқ учинчи ҳолат эди. Бундан аввал Бош прокурор лавозимида фаолият юритган Рашид Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев ҳам катта миқдорда пора олишда айбланган эди. 

Шу куннинг ўзида давлат раҳбари 2015 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган Ниғматилла Йўлдошевни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимига тайинлади. 

Ўшанда давлат раҳбари Ниғматила Йўлдошевга прокуратура тизимини мутлақ ислоҳ қилиш, тизимда коррупцияга қарши қаттиқ курашишни бош вазифа сифатида қўйганди. Прокуратура халқ ишончини оқлаши, чинакам “халқ прокуратураси”га айланиши кераклигини буюрганди. 

Ҳар ҳолда Йўлдошев бу тизимга бегона эмас эди. У прокуратура тизимида қуйидаги лавозимларда ишлаган: 

•    1985-1986 – Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар прокуратурасининг иш ўрганувчиси. 
•    1986-1991 - Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар прокуратурасининг терговчиси. 
•    1991-1992 – Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратурасининг терговчиси. 
•    1992-1995 - Тошкент шаҳар прокуратурасининг катта терговчиси. 
•    1995-1997 - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ички ишлар вазирлиги идораларида тергов ва суриштирув устидан назорат бошқармаси прокурори. 
•    1997-2000 - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Тергов Бош бошқармасининг ташкилий-услубий бўлими бошлиғи. 
•    2000-2003 – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ички хавфсизликни таъминлаш инспекциясининг бошлиғи. 
•    2003-2006 – Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг прокуратура идоралари фаолияти масалалари бўйича етакчи инспектори. 
•    2006-2008 – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи. 
•    2008-2011 – Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари. 
•    2011-2015 - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири
•    2015 йил 20 январда Сенат аъзолигига Президент томонидан тайинланди. 23 январь куни Сенат раиси этиб сайланди. 2019 йил 20 июнда Сенат аъзолигидан олинди. 
•    2016 йил 2 сентябрда Олий Мажлис палаталарининг қарори билан Ўзбекистон Президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.  8 сентябрь куни Президент ваколатларини бажариш масъулиятини вақтинчалик Бош вазир Шавкат Мирзиёевга топширишини эълон қилди. 

Бугун Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида иш бошлаганига 1 йил тўлди. Ўзбекистонда прокуратура тизими ўзгардими? У чинакам “халқ прокуратураси” бўла олдими? QALAMPIR.UZ ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ушбу саволлар билан сўровнома ўтказди. Унда 19 мингдан ортиқ респондент иштирок этди. 

Сўровнома иштирокчиларининг 3486 нафари ёки 18 фоизининг фикрича, Йўлдошев раҳбарлигида прокуратура тизими ҳақиқатан ҳам ўзгарган, у “халқ прокуратураси”га айланган. 

6391 киши ёки умумий иштирокчиларнинг 33 фоизи саволларга йўқ дея жавоб берган. 

3805 киши ёки умумий респондентларнинг 20 фоизи қайд этишича, прокуратура тизими ўзгариши ва у чинакам “халқ прокуратураси”га айланиши учун ҳали анча вақт керак. 

Иштирокчиларнинг 5536 нафари ёки умумий қатнашчиларнинг 29 фоизи ўтган вақт мобайнида прокуратура органларининг фаолиятини кузатмаган. 

Сўровнома натижаларидан кўриниб турибдики, ҳали прокуратура органларидан одамлар мамнун эмас, улар “халқ прокуратураси” деган номга тўла лойиқ бўлмаган. Дарвоқе, ушбу сўровномада Президент қўйган асосий талаб – коррупция масаласида сўз очилмаган. 3 та собиқ раҳбар бошчилигида коррупция ботқоғига ботган тизимни бир йилда бу ботқоқдан олиб чиқиб кетиб бўлмайди. Йўлдошев ва унинг жамоасини бу борада катта-катта ишлар кутмоқда. 

Дарвоқе, QALAMPIR.UZ Ниғматилла Йўлдошев Бош прокурор лавозимида иш бошлагандан олти ой ўтиб  “Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли махсус фильмни эълон қилганди. 

Ушбу фильмда 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар Жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбланганлиги, уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилгани баён этилганди. 

Шунингдек, тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказиб, қийноққа солгани маълум қилинганди.

Ушбу фильм ва унда ёритилган масала ҳозиргача жамоатчилик, сиёсий элита диққат марказида бўлиб келмоқда. 

Мазкур фильмда жамоатчилик ўз муносабатини билдирди. Депутатлар Расул Кушербоев ва Хуршид Дўстмуҳаммад Омбудсманни сўроққа тутди. Хуршид Дўстмуҳаммад Бош прокуратура терговидаги қийноқларни “фашистик азоб” деб атади. Танқидлар ва депутатлар сўровига жавобан Муҳаммадиев ушбу масала ўрганилаётганини маълум қилди. Афсуски, бугунгача натижаларини эълон қилгани йўқ.

Фильм эълон қилингандан бир кун ўтиб, 22 февраль куни Бош прокуратура расмий баёнот бериб, ҳолат бўйича текшириш ҳаракатлари бошлангани ва натижаси эълон қилинишини айтди. 

“Текшириш натижасига кўра, эълон қилинган мақола ва фильм бўйича барча томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилганди баёнотда. Орадан 4 ой вақт ўтди ҳамки, на Бош прокуратура, на Омбудсман ва бошқа ваколатли идоралар ушбу иш ҳақиқатларини ошкор этгани йўқ. Ўйлаймизки, Ниғматилла Йўлдошев ушбу ишнинг охирига етади. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 222
Рейтинг: 3
t
×