Ўхшаш тақдирлар: Бош прокурор бўлганларнинг танглайи пора билан кўтарилганми?

Жамият 18047
image

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида ишлаб келаётган Отабек Муродов Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси лавозимида ишлаб келаётган Ниғматилла Йўлдошев эгаллади. 

Президент Мирзиёев бугун, 21 июнь куни Отабек Муродовнинг лавозимидан озод этилиши сабабларини очиқлади. Уни порахўрликда айблади. 

Хўш, Отабек Муродов ким эди? Биз у ҳақда нималар билардик? Бош прокурор бўлгунга қадар қандай йўлни босиб ўтган?

Отабек Муродов 2018 йилнинг 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ПФ-5320-сонли фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори этиб тайинланди. Бунгача унинг номи жамоатчиликка у қадар таниш бўлмаган. Муродов панадаги мутасаддилардан эди. 

У 1975 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. 1997 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 

1998 йилдан 2010 йилгача Ўзбекистон Респуббликаси Бош прокуратурасида турли лавозимларда ишлаган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг жиноятларни тергов қилиш бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси бўлган. 

2010-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида турли лавозимларда фаолият юритган. 

2015-2017 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари бўлган. 

2017 йил 1 мартдан 2018 йилнинг 31 январигача Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. 

Отабек Муродов 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси ҳисобланади. 

У 2002 йили Президент фармонига кўра, “Жасорат” медали билан тақдирланган.

Отабек Муродов мустақил Ўзбекистон тарихида бешинчи Бош прокурор бўлди. Бунгача ушбу лавозимда Бўритош Мустафоев, Усмон Худойқулов, Рашид Қодиров, Ихтиёр Абдуллаев фаолият юритган. 

Отабек Муродов мамлакат тарихида лавозимидан олинганидан кейин порахўрликда айбланиб жиноий жавобгарликка тортилган учинчи Бош прокурор бўлди. Ўтган йили, 2000 йилнинг апрель ойидан 2015 йилнинг апрель ойига қадар – 15 йил давомида ишлаган мамлакатнинг учинчи Бош прокурори Рашид Қодировга нистабан Жиноят кодексининг 165, 205 ва 210 моддалари билан жиноят иши қўзғатилган эди

Рашид Қодировдан лавозимни қабул қилиб олган Ихтиёр Абдуллаев 2015 йилдан 2018 йилгача Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўлароқ Президент Мирзиёевнинг ишончига кириб, 2018 йилда Миллий хавфсизлик хизмати раиси лавозимига тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида имзолаган қарорига биноан МХХ Давлат хавфсизлиги хизмати номини олди.

Орадан кўп ўтмай, ўхшаш тақдирлар қиссаси давом этди. ДХХ раиси, собиқ Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев саломатлиги ёмонлашгани туфайли лавозимидан озод этилгани айтилди. Орадан кўп ўтмай, у ҳам жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди

Ҳозиргача Ихтиёр Абдуллаев қайси моддалар билан жиноий жавобгарликка тортилгани маълум эмас эди. Бугун, 21 июнь куни ўтган Олий Мажлис Сенатининг 21 Ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентнинг қайд этишича, уларнинг иккиси порахўрликда айбланиб жиноий жавобгарликка тортилган.

Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органлари илдизидан чиришни бошлаганми? Уларнинг танглайи пора билан кўтарилганми? Охирги 19 йиллдикдаги учинчи Бош прокурор ҳам порахўрликда айбланганидан далолатки, соҳа аллақачон коррупция ботқоғига айланиб бўлган. Бундан кўриниб турибдики, инсон ҳуқуқлари ана шундайлар қўлига топширилган.Нега? Нега улар Президент, халқ ишончини оқлашга ҳаракат қилмайди? Президентнинг айтганидек, қилмишлари учун катта муддат ўташлари керак. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 532
Рейтинг: 3
t
×
×