Нетаньяху “Ғазо қассоби” сифатида тарихга кирди – Эрдўған
Олам
−
29 Ноябрь 2023
5254Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху “Ғазо сектори қассоби” сифатида тарихга кирди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 29 ноябрь куни “Адолат ва тараққиёт” партияси фракцияси йиғилишида сўзлаган нутқида айтди.
У сўзи аввалида ғазоликларнинг 7 октябрдан бери бошдан кечираётганларини жаҳаннамга қиёслаган.
“Ғазода соғлиқни сақлаш ва таълим инфратузилмаси бутунлай қулаб тушди. Ғазода охирги асрнинг энг катта ваҳшийликларидан бирини амалга оширган Нетаньяху аллақачон ўз номини тарихга "Ғазо қассоби" сифатида ёзиб қолдирди. Бу қора доғ нафақат Нетаньяхунинг, балки уни сўзсиз қўллаб-қувватлаган барчанинг пешонасига ёпишган тамға бўлди”, дейди Эрдўған.
Президент сўзида давом этаркан, халқаро ҳамжамият, Ислом олами ва Туркия ғазоликларга қилинган бу даҳшатли ҳаракатларни унутмаслигини урғулади.
“Бу уят доғи ҳеч қачон тозаланмайди. Биз Ғазода содир этилган инсониятга қарши жиноятлар ва урушларни, бир-иккитасидан ташқари, ғарб давлатларининг ҳаракатсизлигини ҳеч қачон унутмаймиз. Биз Исроил маъмуриятини халқаро ҳуқуқ ва инсон виждони олдида жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга соламиз”, дейди Туркия раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2 мингдан ортиқ адвокат Исроилнинг Ғазо секторида содир этган жиноятлари учун турли органларга даъво аризаси киритишини айтган эди. Шундан сўнг, бир гуруҳ туркиялик адвокатлар Халқаро жиноий суддан (ХЖС) Исроилнинг бир неча юқори мартабали амалдорларини, жумладан, Бош вазир Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишни расман сўради.