Туркиялик адвокатлар ХЖСдан Исроил раҳбариятини ҳибсга олишни талаб қилмоқда
Олам
−
21 Ноябрь 2023
5769Бир гуруҳ туркиялик адвокатлар Халқаро жиноий суддан (ХЖС) Исроилнинг бир неча юқори мартабали амалдорларини, жумладан, Бош вазир Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишни расман сўради. Бу ҳақда ТАСС даъво ташаббускорларидан бири, адвокат Бурак Бекирўғлига таяниб хабар берди.
“Биз ҳозиргина ХЖСга Исроил Мудофаа вазири [Йоав Галант], Ҳарбий вазирлар маҳкамаси аъзоси [Бени Ганц], Бош штаб бошлиғи [Герци Халеви], ҳаво кучлари қўмондони [Томер Бар], жанубий ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони [Ярон Финкельман] ҳамда Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер беришни сўраб мурожаат қилдик”, деган ташаббускор.
Туркиялик ҳуқуқшунослар, шунингдек, Стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер ва Ҳарбий вазир Гади Айзенкотни ҳибсга олишни сўрамоқда.
Улар расмий иш қўзғатилишини, жиноятларига оид далиллар тўпланишини ва санаб ўтилган шахсларни Рим статути қоидаларига мувофиқ қамоққа олишни талаб қиладилар.
Туркия парламентининг ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясидан собиқ депутати Метин Кулунк, адвокатлар Мукаҳит Биринжи ва Бурак Бекирўғли шу ҳафтада Истанбул прокуратурасига Халқаро жиноий суд (ХЖС) га Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга қарши баёнот юбориш талаби билан мурожаат қилган. Мурожаатда у инсониятга қарши жиноятлар содир этгани, бутун дунё олдида уруш ва геноцид қилгани ва энди халқаро жиноий меъёрлар остида судланиши кераклиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2 мингдан ортиқ адвокат Исроилнинг Ғазо секторида содир этган жиноятлари учун турли органларга даъво аризаси киритишини айтган эди.
Маълумот учун, Туркия ХЖСга мурожаат қилиши мумкин эмас, чунки у Рим статутини имзоламаган. Бироқ, Анқара давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлари орқали Гаагадаги суд прокурори идорасини жиноятлар ҳақида хабардор қилиши мумкин.
Рим статути ХЖСни ташкил этган халқаро шартнома бўлиб, унинг низоми сифатида хизмат қилади. Суднинг ваколатларига геноцид, инсониятга қарши жиноятлар, уруш жиноятлари ва тажовуз учун айбдорларни жавобгарликка тортиш киради. ХЖСнинг юрисдикцияси 2002 йил 1 июлдан кейин Рим статутининг иштирокчиси бўлган давлат ҳудудида содир этилган жиноятларга ва бошқа ҳар қандай давлат ҳудудида ушбу давлатлар фуқароларига нисбатан қўлланилади. Агар ҳудудида жиноят содир этилган давлат низом иштирокчиси бўлмаса ёки унинг фуқаролари оғир жиноятларда гумон қилинса, БМТ Хавфсизлик Кенгаши жиноий иш қўзғатиш учун мандат бериши мумкин. Исроил Рим статутининг иштирокчиси эмас.
Олдинроқ Бангладеш, Боливия, Жибути, Комор ороллари ва Жанубий Африка Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳужумларини тергов қилишни талаб қилиб, Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокуратурасига мурожаат қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь