Назарбоевнинг олигарх қудаси муддатидан олдин озодликка чиқди
Олам
−
21 Октябрь 2023
7346Суд Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қудаси, тадбиркор Қайрат Боранбоевнинг жазони ўтамаган қисмини озодликни чеклаш билан алмаштириш ҳақидаги аризасини қаноатлантирди. Бу ҳақда Оқмола вилоятининг Зерендинский туман суди маълум қилди.
“Суд жазони алмаштиришда қуйидаги ҳолатларни ҳисобга олди: маҳкум қонунда белгиланган жазонинг 1/3 қисмини ўтаган, давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, тергов билан фаол ҳамкорлик қилган ва қилмишига пушаймон”, дейилади суд баёнотида.
Қайд этилганидек, Боранбоев ҳибсда бўлганида ижобий таърифланган. Суднинг тушунтиришича, эндиликда у пробация назоратида бўлади.
Маълумот учун, таниқли қозоқ олигархи, McDonald’sʼнинг Қозоғистон, Россия ва Беларусдаги франшизаси эгаси Қайрат Боранбаев Қозоғистоннинг энг бой одамларидан бири, мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қудаси ҳисобланади. Боранбаевнинг қизи Назарбоевнинг набираси Ойсултонга турмушга чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида Остона жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ҳукми билан Қайрат Боранбаевнинг мол-мулки мусодара қилиниб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
Боранбаев 2022 йил март ойи ўрталарида ҳибсга олинган эди. 2023 йил 31 март куни Остона суди Боранбаев ва унинг иккала шеригини ҳам газ етказиб бериш вақтида “Qazaq Gaz” миллий компаниясидан йирик миқдордаги маблағларни ўғирлаганликда айблаб, саккиз йилга ўртача тартибли колонияга ҳукм қилган. Бироқ июль ойи бошида ҳукм Остонадаги жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан бекор қилинган. Август ойида эса Боранбаевнинг адвокати Данияр Канафин унинг ҳимоясидаги шахс айбини тан олгани ва етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаш масаласида тергов билан ҳамкорлик қилмоқчилигини билдирган.
Аввалроқ Қайрат Боранбоев ўз ихтиёри билан қиймати 1,4 миллиард тенге (тахминан 3 миллион доллар) дан ортиқ бўлган “Comfort Hotel Astana” меҳмонхона мажмуасини давлат ҳисобига ўтказганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь