Назарбоевнинг олигарх қудаси қамалди
Олам
−
16 Сентябрь 2023
12894Остона жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати қозоғистонлик тадбиркор Қайрат Боранбаевни мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилди. Ҳукмни судя Айсулу Сламбекова эълон қилди.
Қайрат Боранбаев ўзганинг мол-мулкини ва жиноий йўл билан топган йирик миқдордаги пулларни ўзлаштиришда айбдор деб топилган. У билан бирга “АзияГазЧунджа” директори Роман Наханов ва “Qazaq Gaz” бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари Тайир Жанузак ҳам судга тортилган.
Суд Нахановга ҳам Боранбаев билан бир хил жазо берган. Жанузак эса ўзганинг мулкини ўта катта миқдорда ўғирлашда айбдор деб топилиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилган.
Судланувчиларнинг учаласи ҳам Россия газини сотиб олишдаги ўғирликда айбланган. Терговга кўра, улар “АзияГазЧунджа” ва “Qazaq Gaz” ўртасида 141,6 млрд тенге (307 млн доллардан ортиқ) қийматдаги 2,26 млн куб метр рус газини етказиб бериш бўйича битим тузган. Аслида худди шу ҳажмдаги газнинг тўғридан-тўғри “Газпром Экспорт”дан олинадиган нархи 127,1 млрд тенгени (274,6 млн доллар) ташкил этган.
“Боранбаев, Наханов ва Жанузак давлат бюджетидан 14,6 млрд тенге (32 млн доллар)ни ўзлаштирган”, дейилади тергов ҳужжатларида.
Прокурор Олжас Хайруллаев суддан Боранбаевни олти йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Остона прокуратурасининг тушунтиришича, Боранбаев ва бошқа судланувчилар айбини тан олиш тўғрисидаги процессуал келишувга эришган. Унга кўра, судланувчилар ўзларининг айбларини тан олади, Боранбаев ва Нахановларнинг мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 6 йил муддатга, Жанузак эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинишига эътироз билдирмаган. Улар умрбод давлат хизмати лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Ушбу жазо миқдори Жиноят кодексининг 55-моддаси 3-қисми талабларидан келиб чиқиб белгиланади, унга кўра, процессуал келишувга эришилган тақдирда жазонинг муддати ва миқдори максимал белгиланган муддатнинг ярмидан ошмаслиги керак.
Молиявий мониторинг агентлигининг хабар беришича, Боранбаев тергов давомида 90 млрд тенгедан ортиқ қийматдаги мулкларини, жумладан, нефть кони, газ тақсимлаш корхонаси, хизмат кўрсатиш корхонаси, меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуалари, фитнес марказлари, офис бинолари ва бошқа активларини давлатга қайтарган.
Шу билан бирга, Боранбаев Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 30 млрд тенге ўтказган.
Шунингдек, Боранбаев аввалроқ табиий газ олиб киришдаги пуллар ўғирланиши бўйича тергов доирасида 14,5 млрд тенге миқдоридаги моддий зарарни қоплаган.
Маълумот учун, таниқли қозоқ олигархи, McDonald’s’нинг Қозоғистон, Россия ва Беларусдаги франшизаси эгаси 56 ёшли Қайрат Боранбаев Қозоғистоннинг энг бой одамларидан бири, мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қудаси ҳисобланади. Боранбаевнинг қизи Назарбоевнинг набираси Ойсултонга турмушга чиққан.
2022 йил март ойи ўрталарида Боранбаев ҳибсга олинган эди. 2023 йил 31 март куни Остона суди Боранбаев ва унинг иккала шеригини ҳам газ етказиб бериш вақтида “Qazaq Gaz” миллий компаниясидан йирик миқдордаги маблағларни ўғирлаганликда айблаб, саккиз йилга ўртача тартибли колонияга ҳукм қилган. Бироқ июль ойи бошида ҳукм Остонадаги жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан бекор қилинган. Август ойида Боранбаевнинг адвокати Данияр Канафин унинг ҳимоясидаги шахс айбини тан олгани ва етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаш масаласида тергов билан ҳамкорлик қилмоқчилигини билдирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь