Назарбоевнинг олигарх қудаси 4 юлдузли меҳмонхонасини давлатга топширди
Олам
−
17 Октябрь 2023
6861Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қудаси, тадбиркор Қайрат Боранбоев ўз ихтиёри билан қиймати 1,4 миллиард тенге (тахминан 3 миллион доллар) дан ортиқ бўлган “Comfort Hotel Astana” меҳмонхона мажмуасини давлат ҳисобига ўтказди. Бу ҳақда мамлакат Молиявий мониторинг агентлиги хабар берди.
Майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган меҳмонхона Қозоғистон пойтахти марказида жойлашган бўлиб, унинг йиллик айланмаси деярли 900 миллион тенгени (1,9 миллион доллар) ташкил этади.
“Ушбу иншоотдан амалдаги қонунчиликка мувофиқ ижтимоий мақсадларда фойдаланиш, дам олиш, реабилитация ва таълим марказларини ташкил этиш режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Агентликнинг матбуот хизматига кўра, активларни қайтариш бўйича ишлар давом этмоқда.
Маълумот учун, таниқли қозоқ олигархи, McDonald’sʼнинг Қозоғистон, Россия ва Беларусдаги франшизаси эгаси Қайрат Боранбаев Қозоғистоннинг энг бой одамларидан бири, мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг қудаси ҳисобланади. Боранбаевнинг қизи Назарбоевнинг набираси Ойсултонга турмушга чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида Остона жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати Қайрат Боранбаевни мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилганди.
Боранбаев 2022 йил март ойи ўрталарида ҳибсга олинган эди. 2023 йил 31 март куни Остона суди Боранбаев ва унинг иккала шеригини ҳам газ етказиб бериш вақтида “Qazaq Gaz” миллий компаниясидан йирик миқдордаги маблағларни ўғирлаганликда айблаб, саккиз йилга ўртача тартибли колонияга ҳукм қилган. Бироқ июль ойи бошида ҳукм Остонадаги жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан бекор қилинган. Август ойида Боранбаевнинг адвокати Данияр Канафин унинг ҳимоясидаги шахс айбини тан олгани ва етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаш масаласида тергов билан ҳамкорлик қилмоқчилигини билдирган.