Назарбоевнинг қизи кўриниш берди. У янги лавозимга тайинланган
Олам
−
06 Июль 2020
13880Қозоғистон Республикаси Сенатининг собиқ раиси – мамлакат Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева янги лавозимни эгаллади. Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, у фаолиятини отаси томонидан асос солинган фондда давом эттирмоқда.
Нур-Султон шаҳри ҳокимлиги тарқатган хабарда қайд этилишича, жорий йилнинг 4 июль куни Нурсултон Назарбоев жамғармаси директори Дариға Назарбоева янги коворкинг-маркази очилиш маросимида иштирок этган.
Қайд этилишича, ушбу марказ шаҳар маъмурияти томонидан Назарбоев фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Бу ерда кўп болали оналар, ёлғиз аёллар, алоҳида эҳтиёжли болаларни тарбиялаётган аёллар, кам таъминланган фуқаролар ва яшаш шароитлари оғир бўлган болалар, ногиронлар ўқитилади. Назарбоева ташрифи давомида марказнинг моддий-техник базаси билан танишган ва ўқув хоналарини кўздан кечирган. У инфекциядан ҳимояланиш, гигиена ва ижтимоий масофани таъминлаш нуқтаи назаридан иш жойларининг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг май ойида мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Дариға Назарбоевани Сенат раиси лавозимидан истеъфога чиқарди. Шундан сўнг, Назарбоева ҳеч ерда кўриниш бермади, унинг бирор лавозимни эгаллагани ҳам хабар қилинмади.
Аслида, Дариға Назарбоева отасидан кейин мамлакат раҳбари бўлиши тахмин қилинарди. Аммо Нурсултон Абишевич 2019 йилнинг мар т ойида ўз ўрнини қизига эмас, ўша вақтдаги Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди. Дариға лавозимининг норасмий номланишидан “вице” қўшимчасини олиб ташлашга астойдил ҳаракат қилди. Назарбоева 2019 йилнинг март ойида Сенат раиси лавозимига тайинланди.
Жамоатчилик Назарбоеванинг бирданига “сургун” қилинишини унинг президентлик амбициялари билан боғлаганди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 6 июль куни Қозоғистонда Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоев таваллудининг 80 йиллиги нишонланмоқда.