Назарбоев таъзия билдирганларга мурожаат йўллади
Олам
−
20 Ноябрь 2023
14854Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев укаси Болат Назарбоевнинг муносабати билан таъзия билдирганларга миннатдорлик изҳор этди. Унинг мурожаати биринчи президент сайтида эълон қилинди.
“Укамнинг бевақт вафоти муносабати билан менга билдирган илиқ қўллаб-қувватлаш ва самимий тилаклар учун миннатдорлигимни сўз билан ифодалаш қийин. Мана шу оғир дамда сизнинг қўллаб-қувватлашингиз мен учун куч ва ҳаёт манбаи бўлди”, деб бошланади собиқ президентнинг мурожаати.
Унинг қайд этишича, укаси анча вақтдан буён оғир дард билан курашган ва буни яқинларига сездирмасликка ҳаракат қилган.
“Яқин инсонингни йўқотиш ҳар доим оғир ва ундан халос бўлиш қийин. Укам мен учун нафақат қондош жигарим, балки содиқ дўст ҳам эди. У узоқ вақтдан бери оғир касал эди, лекин ўз азобларини бизга кўрсатмади. Аммо биз ҳамма нарсани жуда яхши тушунардик...” дейди Назарбоев.
У, шунингдек, сўзида давом этиб, ўзининг ижтимоий тармоқларда ҳам мавжудлигини қистириб ўтган.
“Сўнгги бир неча кун ичида менга ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб хат ва телеграммалар келди.
Бир қатор давлат ва ҳукумат раҳбарлари, таниқли сиёсат ва жамоат арбоблари, парламент ва дипломатик корпус вакиллари, мамлакатнинг дин арбоблари ва ишбилармон доиралари, шунингдек, Қозоғистондан дўстларим ҳамда фуқаролар менга ҳамдардлик ва матонат тилашди.
Сизнинг меҳрли сўзларингиз мен ва оилам учун ҳақиқий тасалли бўлди. Ҳар бирингизга ғамхўрлигингиз ва тушунишингиз, меҳрибонлигингиз, ушбу қийин дамда биз билан бирга бўлишга тайёрлигингиз учун чин юракдан миннатдорлик билдираман.
Илиқлик ва самимийлик учун барчангизга катта раҳмат”, дейди биринчи президент.
Эслатиб ўтамиз, 13 ноябрь куни Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси Болат Назарбоев оламдан ўтди. У 70 ёшда эди. Биринчи президент матбуот котиби Болат Назарбоевнинг ўлимига узоқ давом этган касаллик сабаб бўлганини айтди.
Болат Назарбоевнинг вафоти муносабати билан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Назарбоевга ҳамдардлик билдирди, аммо жаноза маросимида иштирок этмади. Ҳукумат номидан дафн маросимида Бош вазир Алихон Смаилов қатнашди.
Ноябрь ойи бошида Болат Назарбоев Олмаота шифохоналаридан бирига ётқизилгани маълум бўлди. Унинг аҳволи барқарор эканлиги қайд этилди.
Болат Назарбоевда 2015 йилда хавфли ўсма (буйрак карсиномаси) аниқланган. Кейин трансплантация амалга оширилган. Касаллик прогрессив оғир қандли диабет билан мураккаблашган. 2021 йилда шифокорлар яна бир ташхисни – ҳалқум саратонини қўйган. 2021 йил 29 июль куни Германияда Қозоғистон Биринчи Президентининг укаси ҳалқумни олиб ташлаш бўйича операция қилинган, шундан сўнг кўплаб асоратлар пайдо бўлган. Сентябрь ойида сепсис ва тромбоз ривожланиб, унинг аҳволи оғирлашган. У комага тушган ва клиник ўлимдан омон қолган.
LiveБарчаси