Назарбековдан тарбиявий соат. Домланинг айтганини қил, қилганини қилма

Маданият-санъат

2019 йил воқеалари суратларда north_east

2019 йил воқеалари суратларда

Қорбобога хат: Бизга прописка, монополларга инсоф олиб кел  north_east

Қорбобога хат: Бизга прописка, монополларга инсоф олиб кел

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарори қабул қилинди. Қарор 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков тўйларни қисқартириш, ортиқча дабдабалардан асраш кенг муҳокама қилинаётгани, бу борада ўз таклифларини бераётгани, ота-боболардан қолган қадриятларни сақлаб қолиш ва келажак авлодга тўла-тўкис етказишга оид насиҳатомуз маъруза билан чиқди. У шундай дейди: 

“Мана, республикамизда қарийб бир йилдирки, тўй маросимларини ихчамлаштириш, умуман, уни ортиқча дабдабалардан асраш масаласи жамоатчилик олдида кенг муҳокама қилиняпти. Йиғилишларда ва кўп муҳокамаларда иштирок этяпмиз, ўз таклифларимизни билдиряпмиз. Кўп миллатли республика бўлганимиз учун ҳар бир миллатнинг ўзини айнан ўзига хос бўлган миллий вадриятлари ва қолаверса, бизнинг республикамизда барча ўзбек миллатига тааллуқли, лекин  айрим бошқа-бошқа ҳудудларда ўзига хос анъана, удумлари, қадриятлари мавжуд. Биз бераётган таклифлар кўпроқ мана шу тўйни ўзи миллий қадрият бўлгани учун бунинг қадриятини сақлаб қолиш маъносида, яъни ота-боболаримиздан бизгача етиб келаётган инсонларни маънавиятга етакловчи, умуман, бир мазмун-моҳиятига эга бўлган тўй билан боғлиқ қадриятларни сақлаб қолиш ва уларни асраб, келажак авлодга тўла-тўкислигича, яъни айнимаган ҳолда, бузилмаган ҳолда етказиш масаласини кўпроқ биз таклиф берган бўлар эдик. Шу пайтгача ҳам мана шу таклифларимиз билан чиқдик. Яъни бу сир эмас, ҳаммамиз яхши биламиз бу азал-азалдан бизнинг миллатимизни ўзига хос бўлган қадриятлари. 

Бугунги кунда тўйнинг кўринишида миллийчилик қолдими, деган савол қийнайди одамни. Миллий қадрият ўлароқ, лекин бирорта унинг ичида қадрияти, унинг ичида маънавияти, унинг ичида дейлик, эски инсонларни тарбияга чорловчи удумлар, урф-одатлар аста-секин йўқолиб боряпти. Мана шунинг учун биз кўпроқ таклиф берган бўлардик, ўша миллатимизнинг юзи бўлмиш, унинг қадимий қадриятларини, айниқса, тўйлар билан боғлиқ, жуда қизиқ ўша келин саломларимиз деймизми, умуман ўша илгари тўйларда халқ сайлига айланган тўйларимиз, қанақадир, у ерда маърифат кечалари, шеърият кечалари, умуман шунга ўхшаган бир... ўша... тўйда йиғилган одамларда ўша бир маданий чиқишлар, ёши катта оналаримиз, доиралар чалиб ёр-ёрлар, алёрлар айтишлари, булар ҳаммаси охирги йилларда, ҳаттоки, энг чекка ҳудуддаги қишлоқларда ҳам камайиб бораётгани кўзга ташланиб турибди. Ва бугунги дабдабали тўйларимизда кўпроқ ўзи кимга тақлид қиляпмиз ёки умуман кўпроқ... бизнинг миллатимизга хос бўляптими мана шу тўйларни жараёни умуман қанақа ўтиб боряпти, бугун айнан ташқаридан назар солган одам бу ўзбек тўйи деб айта оладими бу тўйларни, йўқми? Умуман мана шу масалаларда биз ўз фикрларимизни, таклифларимизни билдирганмиз. 

Мустаҳкам ҳаёт қуришларида жуда ҳам чиройли, ўзига хос удумларимиз бор, урф-одатларимиз бор. Мана шуларни сақлаб, келажак авлодга етказиш бизнинг олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири деб биламиз”, дейди Озодбек Назарбеков ўз маърузасида.

Ўзбекистон халқ артисти, Маданият вазири ўринбосари, дабдабали тўйларга ташриф буюрувчи хонандалар рўйхатининг “S” классидан ўрин олган Озодбек Назарбековдан бундай тарбиявий соатни, насиҳатларни эшитиб бир неча ҳақли саволлар туғилади. 

•    Сиз миллий деб атаётган тўй қандай бўлади? Аниқ кўрсатма, бугунги тил билан айтганда, сценарийси борми? 

•    Қайси миллат ёки мамлакат тўйларини ўрнак ва намуна сифатида кўрсата оласиз? 

•    Маърузада келин салом ҳақида сўз борган. Бироқ, “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорда бу маросимни ўтказишга тақиқ қўйилган. 

•    Энди дабдабали тўйга келсак. Сизнингча, қайси тўй дабдабали-ку қайсиси ўртахолга ажралади? Буни ҳам ишлаб чиқилган тартиб-таомиллари, назорат комиссияси борми? 

•    Назарбеков бир вақтлар ўтган тўйлар сайилларга айланганини хотирлайди. Холбуки, воҳадаги тўйлар ҳамон кенг адирларда, сайлдек ўтказилади. Унга ҳеч ким таклиф қилинмайди, одамлар тўй дарагини эшитиб, ўзи келаверади. Тўй эгаси эса ё кўпкарига бош-қош бўлади ё Тошкентдан фалон миллион сўмга санъаткор олиб келиб, концерт қўйдиради. Ана сизга сайил. Назарбеков сўзида қайси сайилни назарда тутяпти? Боз устига қарорда тўйга таклиф қилинадиган меҳмонлар сони ҳам чекланган бўлса? У маърузасида келин салом ва халқ сайлига айланадиган тўйлар ҳақида гап очганидан қарорни синчиклаб ўқиб чиқмаган кўринади. 

•    Энди ҳофизнинг шахсиятига тўхталсак. Халқда домланининг айтганини қил, қилганини қилма, деган жуда топиб айтилган нақл бор. Назарбеков ўзи айтганидек тўй қилиб, халққа ўрнак бўлганмиди? У бундай маъруза қилишга ҳақлими?

Умуман, умуман, умуман... Назарбековнинг умуманларга тўла насиҳатларидан қандай маъно чиқаришга бошимиз қотди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озодбек Назарбеков

Баҳолаганлар

496

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг