Ҳар кузда шу бўлар такрор! Сенат тўйларни ўтказишга оид қатъий қарорни қабул қилди
Жамият
−
14 Сентябрь 2019
10348Ҳар баҳорда шу бўлар такрор деган қўшиқ ёдингизга тушади, сўнгги вақтларда тўй-ҳашамлар борасидаги танқид ва таклифларни эшитиб.
Ёдингизда бўлса, илк бор бу масала Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан ўтказган йиғилишидан кейин кун тартибига чиққанди. Давлат раҳбари ўшанда бугунги тўйларни, ундаги дабдаба, келин навкар каби европадан кириб келган иллатларни танқид остига олиб, жўяли таклифлар берганди. Кейин Олмалиққа ташрифи давомида ҳам энди 150 кишилик тўйлар ўтказиш кераклиги, бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг махсус қарори қабул қилинишини айтганди.
Бу орада 2018 йилнинг куз ойларига ҳам етиб келди. Шов-шувлар кун сайин кучайди. Ҳар куни янги гап, янги мулоҳаза, янги тортишув. Одамлар тўй кунини белгилаш, қанча меҳмон чақиришни билмай қолди. Сенатнинг қарорини кутди. Қарор чиқмади, тавсиялар берилди, холос.
Ўзбекистонда кузда тўйлар ҳар қачонгидан кўп бўлади. 2019 йилнинг кузи ҳам келди. Бир ҳафтадирки, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда сенаторлар, жамоатчиликнинг чиқиши кучайган. Кимдир ундоқ қилиш керак дейди, бошқаси бундоқ. Гап бошида айтилганидек, ҳар кузда шу бўлар такрор. Йўқ, бу сафар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди. Айтишларича, бу сафар қатъий!
“Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор 59 сенаторнинг овози билан қабул қилинди. Шунингдек, қарор билан тўй ва маъракаларни ташкил этиш билан боғлиқ Низом ҳам тасдиқланди.
Сўзга чиққанлар бу масала бутун жамият учун муҳимлиги туфайли унинг Сенат ялпи мажлисида муҳокама этилиши алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.
Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди, кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Бироқ ўрганишлар таҳлили, шунингдек аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганлигини кўрсатди. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимларига катта маблағ сарфланиши туфайли қарзга ботмоқда ва қарзни узиш учун чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.
Баъзи фуқаролар оилавий тадбирларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар танқидидан, умуман олганда, жамоатчиликнинг босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида зиддиятлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Сенаторлар кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, бундай ҳолатларга барҳам бериш, аҳоли, айниқса, ёшларда бу масаланинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўғри тушунча ҳосил қилиш мақсадида қатъий чоралар кўриш муҳим эканлигини таъкидлади.
LiveБарчаси