“Tashkent city”да карантинга зид тўй қилган хонанда жаримага тортилди. Масъулларнинг кўзи қаерда?
Маданият-санъат
−
16 Сентябрь 2020
89624Жорий йилнинг 14 сентябрь куни хонанда Воҳиджон Исоқов уйланди. Тошкент шаҳрининг марказида жойлашган “Tashkent city”нинг боғида ўтган тўйда 50 дан ортиқ меҳмонлар иштирок этиб, карантин қоидалари бузилган. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ушбу тўй эгалари базавий ҳисоблашнинг 5 баравари миқдорида жаримага тортилганини маълум қилди.
“Интернет тармоғида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида амалдаги санитария-эпидемиология талабларини бузган ҳолда ўтказилган тўй тадбири ҳақида маълумотлар тарқамоқда. Фото ва видеолардаги меҳмонлар сони 50 дан ошган. Коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ юқори хавф шароитида бундай ишларга йўл қўйиб бўлмайди.
Маълум қиламизки, СЭХ ишчилари томонидан мазкур факт асосида тадбирни ташкиллаштирган 32 ёшли Воҳиджон И. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасига кўра жаримага тортилди. Унга ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида жарима белгиланди”, дейилади хабарда.
Шу ўринда савол туғилади: тўй бўлишини “Tashkent city” маъмурияти бир неча кун аввал билган. Нега Республика махсус комиссияси қарорида белгиланган одам сонидан ортиқ жой тайёрланган ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берилмаган? Қолаверса, ҳар бир тўйда масъул ташкилотлар ходимлари, жумладан ички ишлар ходимлари назорат олиб бориши белгиланган эди. Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг 2019 йилнинг 14 сентябрь куни қабул қилинган ва жорий йил 1 январдан кучга кирган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорида ҳам белгиланган. Хўш, нега бу тўйнинг ўтказилишига йўл қўйилди? Бунгача масъулларнинг кўзи қаерда эди?
Қолаверса, куёвни базавий ҳисоблашнинг 5 баравари миқдорида жаримага тортиш билан нимага эришилди? Коронавирусга чалинган бир беморни даволаш, касаллик занжирини узиш учун миллионлаб маблағлар сарф этилаётганда, бу ислоҳотларни мазаҳ қилиш эмасми?
Хўш, бу тўйни ўтказишга бош-қош бўлган “Tashkent city” маъмуриятига нега жарима қўлланилмади? Биз саволларга жавоб кутамиз.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал “Браво” жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров ҳам карантин қоидаларига зид равишда тўй ўтказгани учун жаримага тортилган эди.
LiveБарчаси