Тошкентда карантин қоидаларига зид тўй қилган фуқарога чора кўрилди
Жамият
−
11 Сентябрь 2020
53018Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига зид равишда тўй ўтказган фуқарога нисбатан чора кўрди. Бу ҳақда ИИВ хабар бермоқда.
“Ижтимоий тармоқларда кўпчилик қатнашган тўй видеоси тарқамоқда. Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ масъул ходимлари томонидан ўрганилди. Мазкур видео 9 сентябрь куни Тошкент вилояти Тошкент туманида олинган бўлиб, у ерга 29 ёшли Аҳмаджон Т. куёв сифатида ўртоқлари билан келган. Бундан ташқари, Аҳмаджон Т. тўйини Шайхонтоҳур туманидаги уйида ташкиллаштирган ва тўйга 40 нафардан ошиқ меҳмонлар келишган”, дейилади хабарда.
Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 15 августидан тўйлар ўтказишга рухсат берилди.
ИИВнинг қайд этишича, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, маросим ўтказилишидан аввал профилактика инспектори маросим ўтказаётган хонадон эгасини расман огоҳлантириши лозим. Белгиланган талабларни бузган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларни бузиш), яъни карантин қоидаларига риоя қилмай, коронавирус инфекциясини тарқалишига сабабчи бўлаётганлигингиз учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинишига ёки ушбу хатти-ҳаракат оғир оқибатларга, жумладан эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса, Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш)га асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.
Жорий йилнинг 28 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимлар, сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди идоралар ходимлари ҳар бир маҳаллада, жамоат жойлари, транспорт ва корхоналарда санитария талаблари бажарилиши бўйича темир интизомни таъминлаши зарурлигини айтиб ўтганди. Айниқса, тўй-маросимларни бир неча кун давомида ёки бир кунда 3-4 марта ўтказиш ҳолатларига чек қўйиш кераклиги алоҳида таъкидланган.
LiveБарчаси